Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 3ноябр · Сешанба
USD 11 941,65 ▼ −81,81 EUR 13 383,01 ▼ −78,46 RUB 147,65 ▼ −1,79 GBP 16 017,34 ▼ −128,96
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Йирик технологик компаниялар Ўзбекистонда тўққиз ойда қарийб 20 млн доллар солиқ тўлади

Солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган хорижий рақамли хизматлар сони 2025 йил бошига нисбатан 46 тага ошди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан солиқ тушумлари 124,8 млрд сўмдан 232,8 млрд сўмгача ошди.

2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий компаниялар 86,5% кўпроқ солиқ тўлади. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан солиқ тушумлари 124,8 млрд сўмдан 232,8 млрд сўмгача ошди. Шу билан бирга, кўрсатилган электрон хизматлар қиймати 85,2% га — 1,04 трлн сўмдан 1,94 трлн сўмгача кўпайди.

Солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган хорижий рақамли хизматлар сони 2025 йил бошига нисбатан 46 тага ошди. Агар 2025 йил 1 январь ҳолатига кўра уларнинг сони 63 тани, 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра эса 78 тани ташкил этган бўлса, 2026 йил октабрига келиб бу кўрсаткич 109 та компанияга етди.

Электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий компаниялар орасида энг йирик солиқ тўловчилар Apple (54,2 млрд сўм), Google (52,6 млрд сўм), Meta (46,7 млрд сўм), Valve Corp. (22,8 млрд сўм), Anthropic (14 млрд сўм), OpenAI (10 млрд сўм), Midasbuy (4,8 млрд сўм), Booking.com (4,2 млрд сўм), TikTok (2,4 млрд сўм) ва Anysphere (2,2 млрд сўм) бўлди.

Биринчи ярим йиллик билан таққослаганда ўзгаришлар

Биринчи ярим йиллик билан таққослаганда, кучли ўнлик таркиби тўлиқ сақланиб қолди, бироқ ўринлар тақсимоти ва тўланган солиқлар миқдори сезиларли даражада ўзгарди. Рейтинг етакчилари Apple ва Google ўз ўринларини сақлаб қолди.

Шу билан бирга, Apple учинчи чоракда ўз устунлигини янада мустаҳкамлади: агар биринчи ярим йиллик якунларига кўра компания Googleʼдан атиги 0,3 млрд сўмга (33,6 млрд сўмга қарши 33,3 млрд сўм) олдинда бўлган бўлса, октабрга келиб 54,2 млрд сўм солиқ тўлади. Google эса 52,6 млрд сўм тўлаган.

Meta ва Valve Corp. ҳам 3- ва 4-ўринларни ишончли тарзда сақлаб қолди: Meta тўловлари 29,9 млрд сўмдан 46,7 млрд сўмгача, Valve Corp. тўловлари эса 15,8 млрд сўмдан 22,8 млрд сўмгача ошди.

Рўйхатнинг ўрта қисмида ўрин алмашинуви юз берди: Anthropic тўланган солиқ миқдорини 6,3 млрд сўмдан 14 млрд сўмгача ошириб, 6-ўриндан 5-ўринга кўтарилди. OpenAI эса тўловлари 5,6 млрд сўмдан 10 млрд сўмгача ошганига қарамай, 5-ўриндан 6-ўринга тушди.

Кучли ўнликнинг қуйи қисмида TikTok 10-ўриндан 9-ўринга кўтарилди. Компания ярим йилликда 1,6 млрд сўм, тўққиз ойда эса 2,4 млрд сўм солиқ тўлади. Anysphere эса 9-ўриндан 10-ўринга тушиб, январь июнь ойларидаги 1,5 млрд сўмга нисбатан 2,2 млрд сўм солиқ тўлади.

Ўзбекистон ҳудудида электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий юридик шахслар солиқ ҳисоботларини тақдим этиши ва солиқларни ўтган чоракдан кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай тўлаши шарт.