27 октябр куни айрим банк иловаларида банк картасини Apple Pay ва Google Pay’га улаш имконияти пайдо бўлди. Ҳозирда бу имконият Ўзбекистон банклари чиқарган Visa ва Mastercard карталари билан чекланган бўлиши мумкин.
Давлат идоралари ва банклардан бу ҳақдаги расмий баёнотлар бўлганича йўқ.
Аввалроқ Самарқандда ўтказилаётган C5+1 форматидаги тадбирлар доирасида Ўзбекистонда Google Pay хизмати ишга туширилгани эълон қилинганди.
GooglePay ва Apple Pay — смартфон ва ақлли соатлар орқали банк картасидан фойдаланмасдан, контактсиз тўловларни амалга ошириш имконини берувчи рақамли хизматлар. Google Pay асосан Android, Apple Payэса iPhone ва бошқа Apple қурилмаларида ишлайди. Фойдаланувчи банк картасини рақамли ҳамёнга бириктириб, телефонини тўлов терминалига яқинлаштириш орқали харид учун ҳақ тўлаши мумкин.
Ушбу хизматларнинг асосий афзаллиги — қулайлик ва хавфсизлик. Тўлов вақтида банк картасининг ҳақиқий рақами ўрнига махсус рақамли код — токен ишлатилади. Бу карта маълумотларининг ҳимояланишига ёрдам беради. Хизматлар орқали дўконларда, ресторанларда, интернет-дўконлар ва мобил иловаларда тўлов қилиш мумкин. Одатда фойдаланувчилардан бундай тўловлар учун алоҳида комиссия олинмайди.
2026 йил октабр ойида Ўзбекистонда Google Pay хизмати ишга туширилгани расман эълон қилинди. Apple Pay’ни ҳам яқин вақт ичида жорий этиш режалаштирилмоқда. Бунинг учун Марказий банк, тижорат банклари, Humo ва Uzcard тўлов тизимлари техник интеграция ишларини олиб бормоқда. Бироқ Google Pay’нинг ишга туширилиши Ўзбекистон банклари томонидан чиқарилган барча карталарни хизматга улаш мумкинлигини англатмайди.
Google Pay ва Apple Pay хизматларининг кенг жорий этилиши, аввало, хорижий сайёҳлар учун қулайлик яратади, нақд пульсиз ҳисоб-китобларни кенгайтиради ва банк хизматлари ўртасидаги рақобатни кучайтиради. Келгусида маҳаллий Humo, Uzcard, Visa ва Mastercard карталарини ушбу тизимларга кенг миқёсда улаш имконияти яратилса, смартфон орқали тўлов қилиш аҳолининг кундалик ҳаётида янада оммалашиши мумкин.


