Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 3ноябр · Сешанба
USD 11 941,65 ▼ −81,81 EUR 13 383,01 ▼ −78,46 RUB 147,65 ▼ −1,79 GBP 16 017,34 ▼ −128,96
Маълумот: Марказий банк
Технология

Ўзбекистонда 5 млн долларлик халқаро стартаплар танлови ўтказилади

Ғолиб деб топилган 25 та жамоанинг ҳар бирига «чуқур ўрганиш» жараёнидан сўнг 200 минг долларгача инвестиция ажратилади. Қарордан кўзланган асосий мақсад хорижий стартап лойиҳалари ва уларнинг таъсисчиларини Ўзбекистонга кенг жалб этиш.

Ўзбекистонда умумий мукофот жамғармаси $5 млн бўлган халқаро стартаплар танлови йўлга қўйилади. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги хабар берди.

Танлов 2027 йил апрель ойидан бошлаб ҳар йили бешта йўналишда ўтказилади. Ғолиб деб топилган 25 та жамоанинг ҳар бирига «чуқур ўрганиш» жараёнидан сўнг $200 минггача инвестиция ажратилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28-октабрдаги 593-сон қарори билан «Стартаплар макони» халқаро танлови жорий этилди. Танловнинг умумий мукофот жамғармаси $5 млн ни ташкил этади.

Ҳужжат президентнинг 2026 йил 11 февралдаги «Стартапларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс экотизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.

Қарордан кўзланган асосий мақсад хорижий стартап лойиҳалари ва уларнинг таъсисчиларини Ўзбекистонга кенг жалб этиш, технологиялар трансферини фаоллаштириш ҳамда республикани минтақанинг стартаплар хабига айлантиришдан иборат.

Танлов 2027 йил апрель ойидан бошлаб ҳар йили қуйидаги бешта йўналиш бўйича ўтказилади:

  • сунъий интеллект технологиялари;
  • ижтимоий йўналишда рақамли технологиялар — таълим, соғлиқни сақлаш ва давлат хизматлари;
  • молиявий технологиялар;
  • креатив индустрия ҳамда компьютер ва мобил ўйин дастурлари;
  • Б2Б ва индустрия йўналишидаги ечимлар.

Қарор билан IT Park фаолиятини тартибга солувчи низомга ҳам ўзгартиришлар киритилди. IT Park резидентларининг автоматлаштириш йўналишида ишлаб чиқилган ҳисобга олиш ўлчов воситаларини солиқ органлари тизимларига мажбурий интеграция қилиш талаби бекор қилинади.

Шунингдек, резидентлар IT Park дирекциясига солиқ ва статистик ҳисоботлар ҳамда IT курслари ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш мажбуриятидан озод этилади.

Шу билан бирга, IT Park резидентлари фаолият турлари рўйхатига янги йўналишлар киритилади. Улар қаторига IoT ва сунъий интеллект қурилмалари, микро- ва наноэлектроника, интеллектуал роботларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш, шунингдек, бизнес-фаришталар клублари фаолияти киради.

Мазкур ўзгаришлар стартаплар экотизимини ривожлантириш, инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистонга хорижий технологик компанияларни жалб этишга қаратилган.