2026 йилнинг иккинчи чорагида Ўзбекистонда бизнес субъектлари томонидан эълон қилинган бўш иш ўринлари сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,8% га қисқарди. Бу ҳақда Марказий банкнинг меҳнат бозори шарҳида маълум қилинди.
Қисқаришга асосан чакана савдо (3,8 фоиз банд), ишлаб чиқариш (1,6 фоиз банд) ва бошқа йўналишлар (2,4 фоиз банд) ҳисса қўшган.
Муқобил манбалар вакансиялар сонининг ўсиш суръати пасайганини, бироқ меҳнат бозорида ижобий тенденция сақланаётганини кўрсатмоқда.
Иккинчи чоракда онлайн иш қидириш фаоллиги мавсумий ўсиш тенденциясига ўтган. Айрим манбаларда резюмелар сонининг ўсиш суръати аввалги даврларга нисбатан пасайган бўлсада, юқори даражада сақланиб қолган.
Резюмелар сонининг ўсиши вакансиялар сонининг ўсишидан сезиларли даражада юқори шаклланган. Бу ишчи кучи таклифи ва унга бўлган талаб ўртасидаги тафовут кенгайиб, меҳнат бозорида рақобат ошаётганидан далолат беради.
Шу билан бирга, 2026 йилнинг биринчи чорагида иқтисодиётда бандлар сони йиллик ҳисобда 5,2% га ошиб, сўнгги тўрт йилдаги энг юқори ўсишни қайд этди. Ўсиш асосан саноат ва хизматлар соҳалари ҳиссасига тўғри келди.
Марказий банк сўровига кўра, иш ўринлари сонини оширишни кутаётган бизнес субъектлари улуши март ойидаги 40% дан июнда 34% гача камайган. Аксинча, иш ўринларини қисқартиришни кутаётган тадбиркорлар улуши биринчи чоракдаги ўртача 6,6% дан иккинчи чоракда 9,2% гача ошган.
Соҳалар кесимида саноат ва қурилишда иш ўринлари сонининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қисқариши, хизматлар ва савдо соҳаларида эса ошиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, 1 июнь ҳолатига иқтисодиётда фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар сони 471 мингтани ташкил этиб, йил бошига нисбатан 7,2% га ошган. Марказий банк қайд этишича, вакансиялар сонидаги жорий ўзгаришлар кейинги чоракларда бандлик кўрсаткичларида акс этиши мумкин.


