Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 28октябр · Чоршанба
USD 11 918,98 ▲ +57,02 EUR 13 283,70 ▲ +5,42 RUB 148,04 ▲ +0,91 GBP 15 876,08 ▲ +42,74
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Миллий статистика қўмитаси илк бор медиана иш ҳақини эълон қилди

Мамлакатда 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 7,3 млн сўмни ташкил этди. Экспериментал ҳисобланган медиана иш ҳақи эса 4,2 млн сўмни ташкил этгани маълум қилинди.

Миллий статистика қўмитаси илк бор Ўзбекистондаги ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи билан бирга медиани иш ҳақини эълон қилди.

2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 7 млн 274,1 минг сўмни ташкил этган. Кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 18 фоизга ошган. Шунингдек, экспериментал ҳисоб-китобларга кўра, мос даврда республика бўйича медиана иш ҳақи 4 млн 166,3 минг сўмни ташкил этган.

Ҳудудлар кесимида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи қуйидагича бўлди:

  • Тошкент шаҳри — 12 млн 300,8 минг сўм;
  • Навоий вилояти — 8 млн 820,5 минг сўм;
  • Тошкент вилояти — 6 млн 889,9 минг сўм;
  • Бухоро вилояти — 5 млн 840,9 минг сўм;
  • Андижон вилояти — 5 млн 765,4 минг сўм;
  • Сирдарё вилояти — 5 млн 736,0 минг сўм;
  • Қорақалпоғистон Республикаси — 5 млн 676,8 минг сўм;
  • Хоразм вилояти — 5 млн 623,2 минг сўм;
  • Жиззах вилояти — 5 млн 506,4 минг сўм;
  • Наманган вилояти — 5 млн 395,9 минг сўм;
  • Фарғона вилояти — 5 млн 383,3 минг сўм;
  • Самарқанд вилояти — 5 млн 373,4 минг сўм;
  • Сурхондарё вилояти — 4 млн 988,9 минг сўм;
  • Қашқадарё вилояти — 4 млн 969,7 минг сўм.

Иқтисодий фаолият турлари бўйича:

  • банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти — 19 млн 712,6 минг сўм;
  • ахборот ва алоқа — 17 млн 006,9 минг сўм;
  • ташиш ва сақлаш — 11 млн 269,2 минг сўм;
  • саноат — 8 млн 365,9 минг сўм;
  • савдо — 7 млн 694,4 минг сўм;
  • қурилиш — 7 млн 138,1 минг сўм;
  • санъат, кўнгил очиш ва дам олиш — 5 млн 732,8 минг сўм;
  • яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар — 5 млн 359,2 минг сўм;
  • таълим — 5 млн 15,2 минг сўм;
  • соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш — 4 млн 454,2 минг сўм.

Миллий статистика қўмитасининг тушунтиришича, иш ҳақи даражасини баҳолашда ўртача иш ҳақи ҳам, медиана кўрсаткичи ҳам қўлланилади ва уларнинг ҳар иккиси иш ҳақига оид бўлса-да, турлича ҳисобланади ва турли мазмунни ифодалайди.

Ўртача иш ҳақи қандай ҳисобланади?

Ходимларга ҳисобланган жами иш ҳақи уларнинг ўртача сонига бўлинади.

Масалан, 5 нафар ходимнинг ойлик иш ҳақи қуйидагича бўлсин:

  • — 3 млн сўм;
  • — 4 млн сўм;
  • — 5 млн сўм;
  • — 6 млн сўм;
  • — 22 млн сўм.

Уларнинг жами иш ҳақи 40 млн сўмни ташкил этади. Ушбу сумма 5 нафар ходимга бўлинса, ўртача иш ҳақи 8 млн сўм бўлади. Бунда юқори иш ҳақи олувчи ходимларнинг даромади ўртача кўрсаткични сезиларли ошириши мумкин.

Иш ҳақининг медиана миқдори нима?

Медианани аниқлаш учун ходимларнинг иш ҳақи энг камидан энг кўпига қараб тартибланади. Қаторнинг айнан ўртасида жойлашган қиймат медиана ҳисобланади. Юқоридаги мисолда ўртада турган қиймат 5 млн сўм. Демак, иш ҳақининг медиана миқдори 5 млн сўмни ташкил этади. Медиана ходимларнинг ярми ушбу миқдордан кам, қолган ярми эса ундан кўп иш ҳақи олишини англатади.

Нега иккала кўрсаткич ҳам муҳим?

Ўртача иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлашнинг умумий даражаси ва ўзгаришини баҳолаш имконини беради. Медиана эса иш ҳақи ходимлар ўртасида қандай тақсимланганини ва тақсимотнинг ўрта нуқтасини кўрсатади.

«Шу сабабли ўртача иш ҳақи аксарият ходимлар айнан шунча маош олади, дегани эмас. Иш ҳақи тўғрисида тўлиқроқ тасаввур ҳосил қилиш учун ўртача ва медиана кўрсаткичларини биргаликда таҳлил қилиш мақсадга мувофиқ. Ўзбекистонда ҳам Миллий статистика қўмитаси томонидан ўртача иш ҳақи билан бир қаторда медиана иш ҳақини ҳисоблаш йўлга қўйилди. Бу иш ҳақи даражасини янада тўлиқроқ баҳолаш имконини беради», — дея қайд этган қўмита.