Президент Статистикани ривожлантириш-2030 миллий стратегиясини тасдиқлаш ҳамда рўйхатга олиш маълумотларидан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган фармонни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий ахборот канали хабар берди.
Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон ҳудудида бизнесни рўйхатга олиш 2026 йил 1 октябрь ҳолатига 15 октябрдан 30 ноябргача ўтказилади.
Шунингдек, 2027 йил 1 январдан статистика органлари томонидан ҳар чоракда ўтказиладиган танланма кузатувлар учун микрофирма ва кичик корхоналар йилига фақат бир марта танлаб олиниши мумкин.
Фармонга кўра, 2027 йил якунигача аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижаларидан фойдаланган ҳолда Миллий статистика қўмитасида аҳолининг статистик регистри шакллантирилади. Унинг асосида аҳоли сонини ҳисоблаш ва эълон қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилади.
Давлат органларининг аҳолига оид маълумотлар базалари ўзаро мувофиқлаштирилиб, маълумотларни доимий янгилаб бориш учун статистик регистрга интеграция қилинади.
Регистр Киберхавфсизлик маркази томонидан киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги бўйича экспертизадан ўтказилиб, тегишли хулоса олинганидан кейин амалиётга жорий этилади. Ахборот тизимининг хавфсизлиги доимий мониторинг қилиб борилади.
Аҳолининг статистик регистридан алоҳида рухсат берилган ходимларгина фақат статистик мақсадларда жамланма маълумотларни шакллантириш учун фойдаланиши мумкин.
Бунда регистрдаги индивидуал маълумотлардан давлат органлари, бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг фойдаланиши қатъиян тақиқланади. Шунингдек, қишлоқ хўжалигининг статистик регистри шакллантирилиб, ундаги маълумотларнинг доимий янгилаб борилиши таъминланади.
Фармон билан 2026−2030 йилларга мўлжалланган миллий стратегиянинг устувор йўналишлари белгиланди.
Жумладан, расмий статистикани тайёрловчилар фаолиятини ягона ёндашув асосида мувофиқлаштириш, маълумотлар сифатини таъминлаш бўйича институционал салоҳиятни ошириш, статистика услубиятларини халқаро стандартлар ва замонавий моделларга мувофиқ такомиллаштириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, рақамли трансформацияни жадаллаштириш, ҳисобот юкини камайтириш ҳамда маълумотлар инфратузилмасини модернизация қилиш белгиланган.


