Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 27октябр · Сешанба
USD 11 861,96 ▲ +23,04 EUR 13 278,28 ▲ +29,34 RUB 147,13 ▲ +0,08 GBP 15 833,34 ▲ +4,70
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Акция ва чегирмалар текширувида 250 млн сўм қайта ҳисоб-китоб қилинди — Рақобат қўмитаси

Қўмита томонидан 58 та савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчасидаги 116 та акция ўрганилиб, 65 та камчилик аниқланди. Ўрганишларда айрим чегирмалар амалда бошқача қўлланилгани, акция шартлари тўлиқ тушунтирилмагани ва ғолибларга ваъда қилинган совринлар берилмагани маълум бўлди.

Рақобат қўмитаси 58 та савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчасидаги 116 та акция ва чегирмани ўрганди. Бу ҳақда матбуот хизмати хабар берди. Натижада 65 та муаммо ва камчилик аниқланиб, истеъмолчилар фойдасига қарийб 250 млн сўм қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Ўрганишларда айрим чегирмалар амалда бошқача қўлланилгани, акция шартлари тўлиқ тушунтирилмагани ва ғолибларга ваъда қилинган совринлар берилмагани маълум бўлди.

Хусусан, Андижон вилоятида Water Life Mineral’нинг «Орзу ушалсин» акциясида уч нафар иштирокчига жами 60 млн сўм мукофот берилмаган. Мазкур ҳолат юзасидан тадбиркорга нисбатан иш қўзғатилиб, тегишли қарор ва кўрсатма берилди.

Наманган вилоятида эса Наманган автотеххизмат акциясида Chevrolet Cobalt автомобилини ютган фуқаронинг соврини телефон рақами нотўғри терилгани сабабли бекор қилиниб, бошқа шахсга берилган. Рақобат қўмитаси аралашувидан сўнг автомобиль ҳақиқий ғолибга қайтарилди.

Шунингдек, Намангандаги Baldini дўконида эълон қилинган 50% лик чегирмадаги маҳсулотлар учун нархномалар бўлмаган. Бухородаги IDEA дўконида эса 20, 50 ва 60% лик чегирмалар маҳсулотнинг умумий нархига эмас, муддатли тўловнинг ойлик тўловларига қўлланилган.

Самарқанддаги Самарқанд Автотеххизмат автомобиль харидорларига маиший техника совға қилиш акциясини ўтказган. Бироқ совғалар фақат Chevrolet автомобили учун 100% олдиндан тўлов қилган харидорларга берилган. Ўрганиш натижасида реклама ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қоидалари бузилгани аниқланиб, корхонага мажбурий кўрсатма берилган.

Қашқадарёдаги IDEA бренди акцияларида эса маҳсулотлар сони, уларнинг олдинги 30 кун ичидаги энг паст нархлари ва «1+1» акциясида қўшимча қандай маҳсулот берилиши ҳақида аниқ маълумотлар кўрсатилмаган.

Қўмита маълумотига кўра, аниқланган 65 та камчиликнинг 59 таси ҳуқуқий тушунтиришлар ва огоҳлантириш хатлари орқали бартараф этилган. Тўртта тадбиркорлик субъектига нисбатан иш қўзғатилиб, тегишли қарор ва кўрсатмалар берилган.

Рақобат қўмитаси аниқланган муаммоларни ҳисобга олиб, акция ва чегирмаларни назорат қилишнинг янги рақамли механизмлари бўйича таклифлар тайёрламоқда.

Жумладан, маҳсулот ёнидаги QR-код орқали унинг аввалги нархлари ва чегирманинг ҳақиқий миқдорини текшириш, акцияларни бошланишидан олдин махсус электрон тизимда қайд этиш ҳамда маҳсулотлар нархлари тарихини рақамлаштириш таклиф қилинмоқда.

Қўмита таъкидлашича, бу механизмлар чегирмаларнинг ҳақиқийлигини текшириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши мумкин.