Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 28октябр · Чоршанба
USD 11 918,98 ▲ +57,02 EUR 13 283,70 ▲ +5,42 RUB 148,04 ▲ +0,91 GBP 15 876,08 ▲ +42,74
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Оилавий шифокорлик бўйича мутахассисларга 5,5 млн сўм устама тўланади

2027 йилдан тиббиёт олийгоҳларида тор мутахассислик бўйича резидентура бепул бўлиб, талабаларга 3 млн сўм стипендия берилади. Шунингдек, жорий йилда туман миқёсида энг яхши шифокор ва ҳамшира танловлари ўтказилиб, ғолибларга 30 млн сўмдан берилади.

Шавкат Мирзиёевнинг тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашди. Президент тиббиёт кадрларини тайёрлаш тизимини амалиёт билан боғлаш, тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш ва соҳада янги стандартларни жорий этиш режаларини маълум қилди.

Ҳозирда 11 та давлат тиббиёт олийгоҳида йилига 15 минг нафар шифокор тайёрланади. Бироқ барча битирувчилар ҳам иш бошлашга етарлича тайёр бўлмаяпти.

Шу сабабли келаси йилдан талабалар ҳафтасига уч кун беморлар билан ишлашни ўрганади. Битирувчилар эса ўқишнинг сўнгги йилини тўлиқ тиббиёт муассасасида амалиёт ўташга бағишлайди.

Шунингдек, бакалавриатни тамомлаган ҳамширалар ва тегишли тиббиёт мутахассисларига 1,5 млн сўм, магистратурани битирганларга 2,5 млн сўм қўшимча устама тўланади. Оилавий шифокорлик бўйича тор соҳа мутахассислари учун устама 5,5 млн сўмни ташкил этади.

Шавкат Мирзиёев 2027 йилдан тиббиёт олийгоҳларида тор мутахассислик бўйича таълим — резидентура бепул бўлишини маълум қилди. Талабаларга ойига 3 млн сўм стипендия тўланади.

Резидентура йўналишга қараб икки йилдан беш йилгача давом этади. Хусусан, оилавий шифокорлик бўйича ўқиш икки йил, жарроҳлик бўйича эса беш йилни ташкил этади.

Шунингдек, тиббиёт олийгоҳларига клиникалар бириктирилиб, «университет клиникаси» тизими йўлга қўйилган. Эндиликда тиббиёт соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг 80% и олийгоҳлар клиникаларида ўтказилиши керак.

Тадқиқотларда ташхис аниқлигини ошириш, даволаш самарадорлигини яхшилаш ва асоратларни камайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Тиббиётда таълим, қурилиш, гигиена, беморлар хавфсизлиги ва ходимлар маданиятини қамраб олувчи «Янги Ўзбекистон тиббиёт стандартлари» жорий этилади. Бирламчи тиббий ёрдам ходимлари босқичма-босқич бепул махсус кийим билан таъминланади.

Жорий йилда туман миқёсида энг яхши шифокор ва ҳамшира танловлари ўтказилиб, ғолибларга 30 млн сўмдан берилади.

Келаси йили ҳудудий танловларнинг 14 нафар ғолибига электромобиль топширилади. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи энг яхши 10 та лойиҳа эса 200 млн сўмдан грант олади.