Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 26сентябр · Шанба
USD 11 825,40 ▼ −5,47 EUR 13 483,32 ▲ +32,80 RUB 140,34 ▲ +1,07 GBP 15 669,84 ▲ +25,88
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Марказий банк 2030 йилгача мўлжалланган финтех стратегиясини тасдиқлади

Стратегиянинг йўналишларидан бири финтех компанияларини ғоя пайдо бўлганидан бизнесни кенгайтиришгача бўлган жараёнда қўллаб-қувватлайдиган экотизимни яратишни назарда тутади. Стратегияда Open Banking, рақамли идентификация, трансчегаравий тўловлар ва «тартибга солиш қумдони»ни ривожлантириш, СИ ва рақамли активлар бўйича пилотлар кўзда тутилган.

Ўзбекистон Марказий банки 2026−2030 йилларга мўлжалланган Молиявий технологиялар соҳасини ривожлантириш миллий стратегиясини тасдиқлади.

Стратегиянинг асосий мақсади — 2030 йил якунига қадар Ўзбекистонни молиявий технологиялар компаниялари учун Марказий Осиёдаги энг мақбул юрисдикцияга айлантириш, шу билан бирга рақамли молиянинг фуқаролар ва бизнес учун хавфсиз, содда ва кенг қамровли бўлишини таъминлашдан иборат.

Стратегияни амалга ошириш уч босқичга бўлинган. 2026−2027 йилларда финтех бозорининг базавий инфратузилмасини шакллантириш, 2028−2029 йилларда Open Banking тизимини ишга тушириш, рақамли идентификация ва тўлов тизимлари интеграциясини кенгайтириш, 2030 йилга келиб эса Ўзбекистонни минтақавий финтех маркази сифатида мустаҳкамлаш режалаштирилган.

Стратегиянинг йўналишларидан бири финтех компанияларини ғоя пайдо бўлганидан бизнесни кенгайтиришгача бўлган жараёнда қўллаб-қувватлайдиган экотизимни яратишни назарда тутади.

Ушбу тизимга Инновацион ҳаб, «тартибга солиш қумдони» (молиявий технологиялар бозори иштирокчилари янги маҳсулот ва хизматларни назорат қилинадиган шароитларда синаб кўриши мумкин бўлган махсус ҳуқуқий режим), кадрлар тайёрлаш тизими, молиялаштириш механизмлари ҳамда банкларнинг финтех компаниялар билан ҳамкорлик қилиш воситалари киради. Стартаплар инкубация, тартибга солинадиган муҳитда синовдан ўтказиш, лицензиялаш ва кейинчалик фаолиятини кенгайтириш босқичларидан ўтиши мумкин.

Презентацияда президент томонидан аввал билдирилган Марказий банк ҳузурида Сингапур мутахассисларини жалб қилган ҳолда Финтех офиси ва Инновацион ҳаб ташкил этиш режалари ҳам келтирилган.

Ҳар йили 20−30 та финтех стартапини хорижий бозорларга чиқишга тайёрлаш ва 2030 йилга қадар соҳага 1 млрд долларгача инвестиция жалб қилиш учун шароит яратиш режалаштирилган.

Open Banking ва рақамли ID

Стратегиянинг алоҳида қисми рақамли молия инфратузилмасини яратишга бағишланган.

Open Banking (очиқ банкинг) ва очиқ API’ни (иловаларнинг дастурий интерфейси) ривожлантириш режалаштирилган. Улар молиявий ташкилотлар ва бозорнинг бошқа иштирокчиларига мижозлар розилиги асосида маълумотларни хавфсиз алмашиш имконини беради. Бу янги бизнес моделларининг пайдо бўлиши, рақобатнинг кучайиши ва молиявий хизматларнинг ривожланишига хизмат қилиши кутилмоқда.

«Биз open banking`ни жорий этиш ҳақида эълон қилганимизда, финтех компаниялари анъанавий банк бозорига, эҳтимол, одатда банклар тақдим этадиган маҳсулотлардан фақат биттасини таклиф қилган ҳолда киришини истаймиз. Бироқ улар буни шу қадар самарали амалга оширишлари мумкинки, якунда рақобат ва инновацияларни рағбатлантиради», — деган эди Марказий банк раиси Тимур Ишметов.

Шунингдек, мижозларнинг шахсини масофадан аниқлаш, фирибгарликнинг олдини олиш ва молиявий хизматлардан фойдаланишни осонлаштириш учун рақамли идентификация тизимини такомиллаштириш кўзда тутилган.

2026−2027 йилларда рақамли ID’дан фойдаланиш бўйича пилот лойиҳаларни бошлаш, 2028−2029 йилларда эса ушбу инфратузилмани бутун молия секторига татбиқ этиш режалаштирилган.

Рақамли активлар ва сунъий интеллект

Стратегия қимматли қоғозлар каби реал активларни токенлаштириш ҳамда турли молиявий хизматларнинг ўзаро ишлашини яхшилаш имкониятларини назорат қилинадиган муҳитда синовдан ўтказишни назарда тутади.

Марказий банк молия соҳасида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг устувор йўналишларини белгилаш ва тегишли пилот лойиҳаларни ишга туширишни ҳам режалаштирмоқда.

Сунъий интеллект назорат фаолиятида, хусусан, молиявий жиноятларни аниқлашда ҳам қўлланиши кўзда тутилган. Стратегия SupTech («назорат технологиялари»), API орқали маълумотларни автоматик йиғиш, операцион ҳодисаларни мониторинг қилиш ва молиявий ташкилотларнинг киберхавфсизлиги устидан назоратни кучайтиришни назарда тутади.

Марказий банкнинг рақамли валютаси ва трансчегаравий тўловлар

Таклифлардан бири минтақавий молиявий интеграцияга тааллуқли. Презентациядаги ташаббуслар орасида Марказий банкнинг улгуржи рақамли валютаси — wholesale CBDC (wCBDC) ҳам келтирилган.

У ўзаро ишловчи минтақавий тўлов тизимларини ривожлантириш, трансчегаравий транзакцияларни соддалаштириш ва пул ўтказмалари харажатларини камайтириш билан бир қаторда кўриб чиқилмоқда.

Халқаро пул ўтказмаларида комиссиялар ва валюта айирбошлаш курсларининг шаффофлигини ошириш, савдони молиялаштириш учун рақамли воситаларни ривожлантириш ҳам режалаштирилган.

2028−2029 йилларда минтақавий тўлов тизимларини интеграция қилиш бўйича ташаббуслар ва трансчегаравий пилот лойиҳаларни ишга тушириш кўзда тутилган.

Ўзбекистон минтақавий финтех ҳабга айланишни мақсад қилмоқда

Стратегиянинг яна бир йўналиши хорижий финтех компаниялари ва инвестицияларини жалб қилишдан иборат.

Бунинг учун Инновацион ҳаб, Enterprise Uzbekistan лойиҳаси, Тошкент халқаро молия марказидан фойдаланиш, шунингдек, Silk Road Finance & Technology Forum ўтказиш ва хорижий финтех ҳаблар билан ҳамкорликни ривожлантириш кўзда тутилган.

2030 йилга қадар Ўзбекистонни молиявий технологиялар соҳасида инвестициялар ва инновациялар учун минтақавий марказга айлантириш, халқаро компаниялар иштирокини кенгайтириш ва Марказий Осиёнинг молиявий интеграциясини чуқурлаштириш мақсад қилинган.

Истеъмолчиларни ҳимоя қилиш ва фирибгарликка қарши кураш

Стратегия нафақат янги молиявий хизматларни ривожлантириш, балки мижозлар ҳимоясини кучайтиришни ҳам кўзда тутади.

Бутун молия секторида фирибгарликка қарши мувофиқлаштирилган тизим яратиш, кредит маҳсулотларининг шаффофлигини ошириш, кредит ахбороти тизимини такомиллаштириш ва аҳолининг молиявий саводхонлигини кучайтириш режалаштирилган.

Тартибга солишни рискларга мослашган тизимга ўтказиш кўзда тутилмоқда: бозор иштирокчиларига қўйиладиган талаблар уларнинг фаолияти кўлами ва риск даражасига қараб фарқланади. Шу билан бирга, истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя этилиши ва молиявий ташкилотлар хизмат шартларини мижозларга қанчалик тушунарли очиб бериши устидан назоратни кучайтириш режалаштирилган.

Марказий банк бозордаги қайси муаммоларни кўрсатмоқда?

Презентацияда Марказий банк стратегия ҳал қилиши керак бўлган бир қатор муаммоларни кўрсатган. Улар орасида халқаро пул ўтказмаларининг қамрови чеклангани, кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш имкониятлари етарли эмаслиги, аҳолининг турли қатламлари ўртасида молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятидаги тафовут, рақамли хизматлар истеъмолчилари учун рисклар ортиб бораётгани ва узоқ муддатли молиялаштиришга эҳтиёж борлиги қайд этилган.

Презентация маълумотларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 94 фоизи интернетдан фойдаланади, рақамли тўловлардан фойдаланиш даражаси қарийб 72 фоизни ташкил этади, масофавий банк хизматларидан фойдаланувчилар сони эса қарийб 70 фоизга ошган.

Марказий банк стратегиядан кутилаётган асосий натижалар сифатида финтех компаниялари ва хорижий инвестициялар кўпайиши, кичик ва ўрта бизнесни молиялаштиришнинг кенгайиши, рақамли молиянинг қулайлиги ва хавфсизлигининг ортиши, трансчегаравий тўлов инфратузилмасининг ривожланиши ҳамда минтақавий интеграциянинг кучайишини кўрсатган.