Ижтимоий солиқ бўйича янги имтиёзлар беришни тўхтатиш, амалдаги имтиёзларни эса босқичма-босқич бекор қилиб, 2030 йилдан тўлиқ тугатиш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, айрим корхона ва ташкилотларда 12% лик ижтимоий солиқ ставкаси 1% гача ёки 0% гача пасайтирилган. Натижада бир хил миқдорда иш ҳақи олувчи ходимлар учун Пенсия жамғармасига турлича миқдорда маблағ тушмоқда, бироқ уларнинг келгусидаги пенсия ҳуқуқи бир хил шаклланади.
Масалан, 6 млн сўм иш ҳақи олувчи ходим ишлайдиган корхонада имтиёз мавжуд бўлса, ижтимоий солиқ 1% ёки 0% ставкада тўланади. Имтиёзга эга бўлмаган корхонада эса худди шундай иш ҳақи учун 12% лик ставка амал қилади.
Вазирликка кўра, бунда имтиёз олмаган корхоналар ва бошқа солиқ тўловчилар зиммасига қўшимча юк тушади ҳамда соғлом рақобат бузилади.
Таклифга кўра, янги имтиёзлар бериш тўхтатилиб, амалдаги имтиёзлар босқичма-босқич бекор қилинади. 2030 йилдан эса мавжуд ижтимоий солиқ имтиёзларини тўлиқ бекор қилиш кўзда тутилмоқда.
Келгусида бизнесни қўллаб-қувватлаш ижтимоий солиқдан озод қилиш орқали эмас, давлат бюджетидан очиқ ва манзилли субсидиялар ажратиш орқали амалга оширилиши таклиф этилмоқда.
Шунингдек, ижтимоий солиқдан тушадиган маблағларни пенсия суғуртасига мақсадли йўналтириш, умумдавлат ижтимоий кафолатларини эса республика буджетидан молиялаштириш кўзда тутилган.
Вазирликнинг қайд этишича, таклифлар пенсия ҳуқуқини молиялаштиришда тенг шароит яратиш, маблағлардан мақсадли фойдаланиш ва тизимнинг барқарорлигини таъминлашга қаратилган.


