Ўзбекистонда корхоналарга янги ижтимоий солиқ имтиёзлари беришни тўхтатиб, мавжуд имтиёзларни 2030 йилдан тўлиқ бекор қилиш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилди.
Таҳлилга кўра, имтиёзларни бекор қилиш бизнесда тенглик ва рақобат шароитини яратиш учун муҳим. Лекин минглаб корхоналарда аслида 12 фоиз бўлган ижтимоий солиқ ставкаси 1 ёки 0 фоизгача пасайтирилган. Бу ҳолат пенсия суғуртасини молиялаштиришда тенглик ва мақсадлилик масаласини юзага келтирмоқда. Шунинг учун ижтимоий солиқни барча бир хил ставкада тўлаши мажбурий этилиши таклиф қилинмоқда. Қайд этилишича, 2025 йилда 65 мингта корхона қарийб 3,2 трлн сўмлик ижтимоий солиқ имтиёзи олган.
“Бунда корхона харажати камайган бўлса-да, унинг ходими бўйича келгусидаги пенсия мажбурияти сақланиб қолади. Шу сабабли янги ижтимоий солиқ имтиёзларини беришни тўхтатиш, мавжуд имтиёзларни эса 2030-йилдан тўлиқ бекор қилиш таклиф этилмоқда”, дейилади вазирлик хабарида.
Эндиликда бизнесни қўллаб-қувватлаш ижтимоий солиқдан озод қилиш билан эмас, давлат бюджетидан субсидиялар бериш орқали амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.
“Натижада бир хил, масалан, 6 миллион сўм иш ҳақи олувчи ходимлар қайси корхонада ишлашидан қатъи назар, ижтимоий солиқ тўлаш ва пенсия ҳуқуқини молиялаштиришда тенг шароитга эга бўлади”, дея маълум қилди вазирлик.
Умуман олганда, ижтимоий солиқлар Пенсия жамғармаси ҳисобига тушади. Ҳозирда жамғарма даромадлари пенсия тўлаш харажатларига етмаётгани сабаб давлат бюджетидан қўшимча маблағ ажратишга тўғри келмоқда. Ижтимоий солиқ имтиёзлари бекор қилиниши эса жамғармага тушумларни ошириб, бюджетга юкламани камайтириши кутилмоқда.


