Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 23сентябр · Чоршанба
USD 11 802,19 ▼ −7,63 EUR 13 527,67 ▼ −41,81 RUB 139,87 ▼ −0,81 GBP 15 768,91 ▼ −51,52
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ўзини ўзи банд қилганлар учун ижтимоий солиқ тўлашни мажбурий қилиш режалаштирилмоқда

55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркаклар учун ўртача иш ҳақини камайтирмасдан иш вақтини қисқартириш таклиф қилинди. Шунингдек, 2030 йил 1 январдан бошлаб корхона ва ташкилотлар учун ижтимоий солиқни тўлаш бўйича амалдаги имтиёзларни бекор қилиш таклиф этилмоқда.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш бўйича президент фармони лойиҳасини эълон қилганди. Лойиҳа бўйича жамоатчилик муҳокамаси 30 сентябргача давом этади.

2027 йил 1 январдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахслар учун пенсия таъминоти ва давлат ижтимоий суғуртасидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш мақсадида БҲМнинг бир баравари (сентябрдан — 440 минг сўм) миқдорида мажбурий ижтимоий солиқ тўлашни жорий этиш таклиф этилмоқда. Бунда солиқни йил давомида бўлиб-бўлиб — ойига 36,6 минг сўмдан тўлаш мумкин бўлади. Ҳозирда ўзини ўзи банд қилганлар томонидан ижтимоий солиқ тўлаш ихтиёрий бўлиб, меҳнат стажини шакллантиришда ҳисобга олинади.

Ўзини ўзи банд қилганлар томонидан тўланган ижтимоий солиқнинг 10%и Давлат ижтимоий суғурта жамғармасига йўналтирилади. Ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари белгиланган тартибда Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан тўланади.

2027 йилдан бошлаб меҳнат стажига қўшиб ҳисобланадиган, бироқ ижтимоий солиқ ва Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланмаган даврлар бўйича харажатларни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш таклиф этилди. Пенсияларни энг кам миқдорга етказиш, пенсияларга устама ва қўшимча тўловлар ҳам бюджетдан молиялаштирилади.

Шу билан бирга, 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркаклар учун ўртача иш ҳақини сақлаб қолган ҳолда қисқартирилган иш вақтини жорий этиш таклиф этилди.

Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлашда 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркаклар учун расмий даромаднинг мавжудлиги ҳисобга олинмайди.

Бундан ташқари, 2030 йил 1 январдан бошлаб корхона ва ташкилотлар учун ижтимоий солиқни тўлаш бўйича амалдаги имтиёзларни (ставка — 12%) бекор қилиш таклиф этилмоқда, янги имтиёзлар эса жорий этилмайди.