Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 20сентябр · Якшанба
USD 11 839,59 ▲ +6,22 EUR 13 569,35 ▼ −8,26 RUB 140,42 ▲ +0,63 GBP 15 803,48 ▼ −17,74
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Нега Ўзбекистонда пенсия ёшини ошириш таклиф этилмоқда?

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги пенсия ёшини ошириш таклифини умр кўриш давомийлигининг ортиши, аҳолининг қариб бориши ва пенсия суғуртаси қамровининг етарли эмаслиги билан изоҳлади. Амалдаги пенсия ёши 1993 йилдан бери ўзгармаган, 2040 йилда пенсионерлар улуши 15 фоизга етиши мумкин.

Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги пенсия ислоҳотига оид президент фармони лойиҳасига изоҳ берди. Ҳужжат 30 сентябрга қадар жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда уч даражали пенсия тизими мавжуд. Давлат пенсияси Пенсия жамғармасида йиғиладиган ижтимоий солиқ маблағлари, мажбурий ва ихтиёрий жамғариб бориладиган пенсия маблағлари эса фуқароларнинг Халқ банкидаги ҳисобварақларидаги бадаллар ҳисобидан шакллантирилади.

Амалдаги пенсия қонуни 1993 йилда қабул қилинган. Вазирлик маълумотларига кўра, пенсияларнинг миқдори сўнгги 10 йилда 3,3 баробарга оширилган. Пенсияларни ҳар йиллик инфляция даражасидан кам бўлмаган миқдорда қайта ҳисоблаш ҳамда энг кам пенсиялар миқдори истеъмол харажатлари миқдоридан оз бўлмаслиги қонунчилик билан кафолатланган.

Нима учун тизимни ўзгартириш таклиф этилмоқда?

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги амалдаги тизимда мавжуд бўлган бир қатор муаммоларни кўрсатиб ўтди.

Жумладан, пенсия ҳисоблашда фуқаронинг бутун меҳнат фаолиятидаги Пенсия жамғармасини шакллантиришдаги иштироки эмас, қисқа давр — охирги ўн йилдаги кетма-кет беш йиллик иш ҳақи асосида ҳисобланади.

Бундан ташқари, пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақининг юқори чегараси 6 млн сўмгача бўлиб, иқтисодиётдаги реал ўртача иш ҳақи даражасидан ортда қолмоқда.

Фуқароларнинг иш ҳақи ва иш стажи тўғрисидаги маълумотлари тўлиқ рақамлаштирилмаган.

Жамғариб бориладиган пенсия тизимида иш ҳақининг атиги 0,1 фоизи ажратилиши сабабли, вазирлик қайд этишича, фуқароларда кексаликда сезиларли қўшимча даромад шаклланмаяпти.

Ихтиёрий жамғариб бориладиган пенсия тизими жозибадорлиги етарлича эмаслиги сабабли 2025 йилда тизимда атиги 12,5 минг нафар фуқаро иштирок этган.

Яна бир муаммо сифатида вазирлик ўзини ўзи банд қилганларнинг катта қисми пенсия ва ижтимоий суғурта ҳуқуқини шакллантирмаётганини қайд этди. Ўзини ўзи банд қилганлар сони жами 5,9 млн нафарни, 2025 йилда янги рўйхатдан ўтганлар сони 2,9 млн нафарни ташкил этган бўлса-да, фақат 860 минг нафари ижтимоий солиқ тўлаган, холос.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги демографик ўзгаришларга ҳам эътибор қаратди. Пенсия ёши 1993 йилда белгиланган бўлиб, ўтган даврда ўртача умр кўриш ёши 67,9 ёшдан 75,4 ёшга ошган бўлса-да, пенсия ёши бунга мувофиқлаштирилмаган.

2025 йилда пенсионерларнинг аҳоли сонига нисбати 11,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2040 йилда бу кўрсаткич 15 фоизга етиши кутилмоқда.

Пенсия ёшини 63 ва 58 ёшгача ошириш таклиф қилинмоқда

Асосий таклифлардан бири — пенсия ёшини 2028 йилдан бошлаб босқичма-босқич ҳар йили 3 ойдан ошириш.

2039 йилга келиб, пенсия ёшини:

  • эркаклар учун 63 ёшга (ҳозир — 60 ёш);
  • аёллар учун 58 ёшга (ҳозир — 55 ёш) етказиш таклиф қилинмоқда

Вазирлик мисол келтиришича, 2028 йил январь ойида 55 ёшга тўлган аёл 3 ойдан сўнг, яъни 2028 йил апрель ойида пенсияга чиқади.

Шунингдек, 2027 йилдан умумий белгиланган ёшдан бир йил олдин пенсияга чиқиш тартибини бекор қилиш таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, пенсияга кечроқ чиқишни рағбатлантириш таклиф этилмоқда. Агар фуқаро белгиланган пенсия ёшидан 6 ойга кеч чиқиш истагини билдирса, пенсия ҳисоблашда иш ҳақининг юқори чегарасини пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 14 бараваригача, яъни 7,1 млн сўмгача ошириш таклиф қилинмоқда.

12 ойга кечиктирганда эса пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 15 бараваригача, яъни 7,6 млн сўмгача ошириш орқали пенсия миқдорини 8−15 фоизгача ошириш ҳуқуқи тақдим этилмоқда.

Минимал иш стажини 7 йилдан 15 йилгача ошириш режалаштирилмоқда

Яна бир таклиф пенсия тайинлаш учун талаб этиладиган минимал иш стажига алоқадор.

Ҳозир у 7 йилни ташкил қилади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги минимал иш стажини 2027 йилдан бошлаб ҳар йили 1 йилдан ошириб, 2034 йилда 15 йилга етказишни таклиф қилмоқда.

Бунда етарли иш стажини тўплай олмаган фуқаролар учун амалдаги тартиб бўйича пенсия ёшидан 5 йил ўтгач ёшга доир нафақа олиш ҳуқуқи сақлаб қолинади.

Пенсияни узоқроқ даврдаги иш ҳақи асосида ҳисоблаш таклиф этилмоқда

Вазирлик пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақи даврини амалдаги 5 йилдан босқичма-босқич 20 йилгача оширишни таклиф этмоқда.

Бунда меҳнат фаолияти даврида касаллик ёки бошқа сабаб билан паст иш ҳақи олган 10 фоиз давр пенсия ҳисоблашдан чиқариб ташланади.

Бундан ташқари, 2028 йилдан янги пенсия тайинлашда иш ҳақининг чегараси пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 12 баробаридан 13 баробарига, яъни 6 миллион сўмдан 6,6 миллион сўмгача оширилади.

Давлат фуқароларнинг жамғармаларини биргаликда молиялаштириши мумкин

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги жамғариб бориладиган пенсия тизимини кенгайтиришни таклиф қилмоқда.

Иш ҳақи 7,6 млн сўмгача бўлган фуқароларга иш ҳақининг 5 фоизини жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ихтиёрий равишда ўтказишга рухсат бериш таклиф этилмоқда. Бунда давлат фуқаро киритган маблағнинг 50 фоизигача миқдорда қўшимча маблағ ўтказиши мумкин.

Шунингдек, юқори иш ҳақини расмийлаштиришни рағбатлантириш мақсадида иш ҳақининг 7,6 млн сўмдан юқори қисмининг 1 фоизи, тўланган ижтимоий солиқ ҳисобидан фуқаронинг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига йўналтириш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, 2027 йил якунига қадар хусусий ва корпоратив пенсия жамғармаларини ташкил этиш, уларнинг активларини бошқариш ва фуқаролар маблағларини ҳимоя қилишга оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Ўзини ўзи банд қилганлар учун ижтимоий солиқ тўлаш мажбурий бўлиши мумкин

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўзини ўзи банд қилганлар учун амалдаги ижтимоий солиқ ставкасини ўзгартирмаган ҳолда, уни тўлашни мажбурий қилишни таклиф қилмоқда.

Ҳозир гап йилига қарийб 440 минг сўм ҳақида кетмоқда. Шу билан бирга, фуқароларга солиқни бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат бериш таклиф этилмоқда — масалан, ҳар ой қарийб 36 минг сўмдан.

Бунинг эвазига фуқароларга бир йиллик иш стажи, келгусида пенсия кафолати, шунингдек, қўшимча равишда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари ҳам тўланади.

Бундан ташқари, расмий даромадга эга фуқароларга ишламайдиган оила аъзолари иш стажига ва келгусида пенсия кафолатига эга бўлиши учун ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқини бериш таклиф этилмоқда.

Ижтимоий солиқ бўйича имтиёзларни бекор қилиш таклиф этилмоқда

Пенсия жамғармасининг молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ижтимоий солиқ бўйича янги имтиёзлар беришни тўхтатиш ва мавжуд имтиёзларни 2030 йилгача тўлиқ бекор қилишни таклиф этмоқда.

2027−2028 йилларда Пенсия жамғармасининг барча 25 турдаги хизматини электрон ва проактив шаклга ўтказиш режалаштирилмоқда.

Сунъий интеллект, автоматлаштирилган колл-марказ ва «Pensiya» мобил иловасини жорий этиш таклиф этилмоқда.

Бунда фуқаронинг иш стажи, тўлаган ижтимоий солиғи ва кутилаётган пенсияси ягона профилда кўринади. Стаждаги камчиликлар ҳақида фуқаро олдиндан хабардор қилинади ва пенсия ёшига етганда пенсияни ариза ҳамда қоғоз ҳужжатларсиз проактив тайинлаш имконияти яратилади.

Айни пайтда Пенсия жамғармаси томонидан аҳолига 18 турдаги хизматлар электрон шаклда кўрсатилмоқда. Жумладан, ёшга доир ва ногиронлик пенсияларини фуқароларнинг мурожаатисиз проактив шаклда тайинлаш жорий этилди. Бир йилда ўртача 3,8 млн та хизмат интерактив, проактив ва электрон шаклда кўрсатилмоқда.

Амалдаги пенсиялар камайтирилмайди

Вазирлик алоҳида таъкидлашича, бугунги кунда пенсия ва нафақа олаётган фуқароларга тайинланган пенсиялар қайта кўриб чиқилмайди ва тўловлари камайтирилмайди.

«Мазкур ислоҳотларнинг асосий мақсади амалдаги пенсияларни қисқартириш ёки маблағларни иқтисод қилиш эмас, асосий мақсад — фуқаронинг бутун меҳнат фаолияти, расмий иш ҳақи, иш стажи ва тўлаган ижтимоий солиғи пенсиясида адолатли акс этадиган, аҳолини ижтимоий ҳимоя билан қамраб оладиган ҳамда келгуси авлодлар учун ҳам ишончли ишлайдиган тизимни шакллантиришдир», — дейилади вазирлик хабарида.

Идора фикрича, ислоҳотлар натижасида пенсия миқдорининг меҳнат фаолияти билан боғлиқлиги кучаяди, шахсий, хусусий ва корпоратив пенсия жамғармалари ривожлантирилади, фуқароларда пенсия маблағларини жамғариш учун танлов имконияти яратилади ҳамда барча пенсия хизматлари электрон ва проактив шаклга ўтказилади.