2026 йил 1 январдан бошлаб ҚҚС суммасини текширувларсиз автоматик тарзда қайтариш тартиби қуйидаги тадбиркорлик субъектларига нисбатан татбиқ этилмайди:
- таъсисчиси ёки раҳбари солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ жиноятларни содир этган тадбиркорлик субъектларига;
- бундай тадбиркорлик субъектларининг таъсисчиси ёки раҳбари томонидан охирги 12 ойда янги ёки қайта ташкил этилган тадбиркорлик субъектларига.
ҚҚС суммасини автоматик тарзда қайтариш ҳуқуқига эга бўлган тадбиркорлик субъектларида юқоридаги ҳолатлар аниқланган тақдирда, ҚҚС маблағларини автоматик тизим орқали қайтаришга чеклов ўрнатилади.
Ушбу тартиб солиқ маъмуриятчилиги самарадорлигини ошириш, солиқ ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш ҳамда давлат томонидан тақдим этилаётган енгилликларнинг манзилли қўлланилишини таъминлашга қаратилган.
Маълумот учун, ҚҚС суммаси қуйидаги ҳолатларда автоматик тарзда қайтарилади:
- ААА барқарорлик рейтингига эга тадбиркорлик субъектларига текширувларсиз – 1 кунда;
- қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига (пахта ва ғалладан ташқари) – 3 кун ичида;
- 2027 йил 1 июлга қадар барқарорлик рейтинги «А» ва ундан юқори бўлган кластерлар ва тўқимачилик корхоналарига текширувларсиз – 2 кун ичида;
- 10 млн сўмгача бўлган ҚҚС суммалари текширувларсиз қайтарилади.


