Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 22октябр · Пайшанба
USD 11 965,51 ▼ −46,79 EUR 13 437,27 ▼ −29,72 RUB 145,96 ▲ +0,63 GBP 16 029,00 ▲ +2,19
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ўзбекистонда 2030 йилдан давлат рўйхатидан ўтмаган шифокор ва фармацевтларнинг ишлаши тақиқланади

Мутахассислиги бўйича камида 20 йиллик иш стажи ва илмий даражага эга ходимлар махсус имтиҳонсиз рўйхатга олинади. Давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ваколатли орган этиб Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази белгиланди.

Ўзбекистонда 2030 йилдан тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан фақат тегишли мутахассислик бўйича давлат рўйхатидан ўтган шахслар шуғулланиши мумкин бўлади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Вазирлар Маҳкамасининг 19 октябрдаги қарори билан Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ҳужжатга кўра, 2030 йил 1 январдан тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи муайян мутахассислик бўйича давлат рўйхатидан ўтган шахсларга беш йил муддатга берилади. Давлат рўйхатидан ўтмаган шахсларнинг тегишли мутахассислик бўйича касбий фаолият билан шуғулланиши тақиқланади.

2027 йил 1 июлдан 2030 йил 1 январга қадар тиббиёт ва фармацевтика ходимлари ихтиёрий тартибда махсус имтиҳон натижалари асосида ёки малака тоифаларини бериш жараёнида автоматик равишда давлат рўйхатидан ўтказилади.

Мутахассислиги бўйича камида 20 йиллик иш стажи ва илмий даражага эга ходимлар махсус имтиҳонсиз рўйхатга олинади. Бироқ мурожаат қилиш санасига қадар уч йил ёки ундан ортиқ вақт давомида мутахассислиги бўйича узлуксиз касбий фаолият олиб бормаган ходимларга бу имтиёз татбиқ этилмайди.

Давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ваколатли орган этиб Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази белгиланди.

Рўйхатдан ўтиш учун Давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Тиббий малака платформаси орқали мурожаат қилиш мумкин. Электрон аризалар дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, сутка давомида қабул қилинади.

Ваколатли орган сўровномани беш иш куни ичида кўриб чиқиб, талабгорни махсус имтиҳонга қўйиш ёки қўймаслик тўғрисида қарор қабул қилади.

Давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома электрон шаклда расмийлаштирилади. Уни Тиббиёт ва фармацевтика мутахассисларининг ягона электрон реестри орқали текшириш мумкин бўлади. Гувоҳноманинг қоғоз шаклидаги асл нусхаси ёки дубликати берилмайди.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари касбий фаолиятини давом эттириш учун ҳар беш йилда қайта давлат рўйхатидан ўтиши талаб этилади. Қарор расмий эълон қилинган кундан уч ой ўтгач кучга киради.