Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 16октябр · Жума
USD 12 011,65 ▲ +48,49 EUR 13 462,66 ▲ +72,30 RUB 143,17 ▲ +0,84 GBP 15 911,83 ▲ +41,50
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ўзбекистонда энди пешлавҳалар учун реклама жойининг паспорти талаб этилмайди

Пешлавҳалар ва реклама конструкцияларини мажбурий демонтаж қилиш фақат иш кунлари, уларнинг эгаларини олдиндан хабардор қилган ҳолда амалга оширилади. Шунингдек, реклама жойи паспортидан ихтиёрий воз кечиш учун ЯИДХП орқали ариза юбориш имконияти яратилди.

Ҳукумат қарори билан ташқи рекламани жойлаштириш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Қарорга мувофиқ, тадбиркорлик субекти ўзи эгаллаб турган бино ёки иншоотнинг ташқи томонида, жумладан, кириш қисмида жойлаштирган номи ва фаолият тури ҳақидаги ахборот (пешлавҳа) ташқи реклама ҳисобланмайди. Бу пешлавҳада кўрсатилган фирма номи, товар ёки хизмат кўрсатиш белгисига ҳам тааллуқли бўлиб, улар учун реклама жойи паспортини расмийлаштириш талаб этилмайди.

Юридик шахслар ўзларига мулк ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида тегишли автотранспорт воситаларига товар белгиси, фаолият тури ҳамда маҳсулот ва хизматлари ҳақидаги рекламани соддалаштирилган тартибда жойлаштириши мумкин.

Бунинг учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали электрон хабарнома юбориш кифоя. Хабарнома қабул қилингач, тегишли ваколатли органлар автоматик равишда хабардор қилинган ҳисобланади ва тизимда реклама жойи паспорти шакллантирилади. Уни расмийлаштириш учун йиғим ундирилмайди.

Агар хабарномада нотўғри маълумотлар ёки бошқа шахсларга тегишли товар белгилари кўрсатилгани аниқланса, паспорт автоматик равишда бекор қилинади ва юридик шахсга асослантирилган хат юборилади.

Шунингдек, реклама жойи паспортидан ихтиёрий воз кечиш учун ЯИДХП орқали ариза юбориш имконияти яратилди. Бу ҳақдаги маълумотлар солиқ органларига автоматик етказилади.

Қарор билан қисқа муддатли рекламаларни жойлаштириш муддатлари ҳам аниқлаштирилди. Хусусан, қурилиш обектларида реклама қурилиш ишлари якунлангунига қадар, байрам ва бошқа тадбирларга оид рекламалар эса 30 кунгача жойлаштирилиши мумкин.

Ташқи реклама обектларига қўйиладиган “дизайн-код” талабларини ўзгартириш тартиби ҳам қайта кўриб чиқилди. Эндиликда бундай қарорлар жамоатчилик муҳокамасидан, жумладан, регулатион.гов.уз порталидаги муҳокамадан ўтказилгандан кейингина қабул қилинади ва эълон қилинганидан уч ой ўтиб кучга киради.

Бунда рўйхатдан ўтган товар белгисидан фойдаланиш имконияти сақланиши шарт. Тошкент шаҳрининг “дизайн-коди” 10 декабрга қадар тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари иштирокида муҳокама қилинади.

Қарорда ташқи реклама обектларини мажбурий демонтаж қилиш тартиби ҳам белгиланди. Унга кўра, демонтаж санаси ва вақти ҳақида икки кун олдин веб-сайтда эълон берилиши, объект эгасига эса ёзма хабар юборилиши керак.

Демонтаж ишлари фақат иш кунлари соат 09:00 дан 18:00 гача амалга оширилади. Қўмита ахборотига кўра, жараёнда объект эгаси иштирокида далолатнома тузилиб, унда демонтаж санаси, вақти, сабаби, фотосуратлар ҳамда конструкция сақлаш учун юборилган манзил қайд этилади.

Бундан ташқари, тадбиркорларга тегишли қарорлар ва хабарномалар уларнинг юридик манзилига ёзма равишда ҳам юборилади.

Ташқи реклама обектларининг жойлаштирилиши устидан жамоатчилик назорати “Халқ назорати” электрон портали орқали амалга оширилади.