Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 26август · Чоршанба
USD 11 778,52 ▼ −39,55 EUR 13 733,75 ▼ −54,39 RUB 138,96 ▼ −2,73 GBP 16 057,66 ▼ −61,01
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Ҳомиладорлик ва касаллик нафақалари энди «Барака» ижтимоий картасига ўтказилади

Агар фуқаронинг «Барака» ижтимоий картаси мавжуд бўлса, тайинланган нафақа маблағлари ҳеч қандай қўшимча ариза ёки мурожаат талаб қилинмаган ҳолда автоматик равишда ушбу картага ўтказилади. Бунда фуқаронинг банкка бориши, алоҳида ҳисоб рақами очиши ёки нафақа маблағларини олиш учун қўшимча ҳужжатлар тақдим этиши талаб этилмайди.

Давлат ижтимоий суғуртаси тизимида фуқароларга ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик (касаллик) нафақаларини тайинлаш ва тўлашнинг янги тартиби жорий этилди.

Янги тартибга мувофиқ, ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари тайинлангач, тегишли маблағлар фуқаронинг «Барака» ижтимоий картасига тўғридан тўғри ўтказиб берилади.

«Барака» картаси мавжуд бўлса

Агар фуқаронинг «Барака» ижтимоий картаси мавжуд бўлса, тайинланган нафақа маблағлари ҳеч қандай қўшимча ариза ёки мурожаат талаб қилинмаган ҳолда автоматик равишда ушбу картага ўтказилади.

Бунда фуқаронинг банкка бориши, алоҳида ҳисоб рақами очиши ёки нафақа маблағларини олиш учун қўшимча ҳужжатлар тақдим этиши талаб этилмайди.

«Барака» картаси мавжуд бўлмаса

Агар фуқаронинг «Барака» ижтимоий картаси мавжуд бўлмаса, нафақа тайинлангач, «Барака» мобил иловаси орқали фуқаро учун виртуал ижтимоий карта автоматик равишда очилади.

Тайинланган нафақа маблағлари ушбу виртуал картага ўтказиб берилади.

Муҳими, виртуал ижтимоий картага эга бўлиш учун банкка бориш ёки алоҳида мурожаат қилиш шарт эмас. Фуқаро барча зарур маълумотларни «Барака» мобил иловаси орқали кўриши мумкин.

Нафақа маблағларини қандай текшириш мумкин?

Нафақа тайинлангач, фуқаро «Барака» мобил иловасига кириб, ўзининг виртуал ижтимоий картаси ҳамда унга келиб тушган маблағлар ҳақидаги маълумотларни кўриши мумкин.

Шунингдек, илова орқали карта ва тўловлар билан боғлиқ зарур маълумотларни кузатиб бориш имконияти мавжуд.

Шу сабабли ҳомиладорлик ва туғиш ёки вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тайинланган фуқароларга «Барака» мобил иловасини юклаб олиш ва ундаги маълумотларни мунтазам текшириб бориш тавсия этилади.

Янги тартиб фуқароларга қандай қулайлик яратади?

Мазкур тизим, аввало, нафақа олиш жараёнини соддалаштиришга қаратилган. Фуқаронинг нафақа олиш учун қўшимча мурожаат қилиши, банкка бориши ёки алоҳида карта очиш билан боғлиқ ортиқча жараёнлардан ўтиши талаб этилмайди.

Тўловларнинг электрон шаклда амалга оширилиши нафақа маблағларини фуқароларга қулай ва шаффоф тарзда етказиб бериш имконини яратади.

Шунингдек, «Барака» ижтимоий картаси орқали нафақа маблағларини олиш фуқароларнинг тўловлар ҳақидаги маълумотлардан тезкор фойдаланишини таъминлайди.

Мазкур тартиб давлат ижтимоий суғуртаси тизимини рақамлаштириш, хизмат кўрсатиш жараёнларини соддалаштириш ва фуқароларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади.

Жисмоний пластик карта керак бўлса, «Барака» мобил иловаси орқали буюртма беринг. Касаллик нафақаси тайинланган фуқароларга «Барака» ижтимоий картаси бепул расмийлаштириб берилади.