Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 13-августдаги 440-сон қарори билан ҳомиладорлик ва туғиш – “декрет”, шунингдек, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик – “касаллик” нафақаларини тайинлаш тартиби такомиллаштирилди.
Энг муҳим ўзгаришлар:
- 6 ойлик узлуксиз суғурта стажини ҳисоблаш тартиби енгиллаштирилди. Энди меҳнат муносабатлари сақланган ҳолда иш ҳақи тўланмаган ойлар, жумладан ўз ҳисобидан олинган таътил, шунингдек касаллик даври суғурта стажининг узилишига сабаб бўлмайди.
Кам маош олувчи ва тўлиқ бўлмаган ставкада ишловчилар учун ҳам суғурта стажи ҳисобланади. Ойлик иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир баравари ва ундан кўп бўлса – 1 ой, бир баравардан кам бўлса – ярим ой суғурта стажи сифатида ҳисобга олинади.
Туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда декрет таътили узайтирилса, қўшимча нафақа аввалги ҳисоб-китоб кўрсаткичлари асосида белгиланади. Бу нафақа миқдорининг асоссиз камайиб кетишининг олдини олади.
Энг асосий натижа: янги тартиб натижасида қўшимча 3 000 нафарга яқин аёлда декрет нафақасини олиш ҳуқуқи пайдо бўлади.
Муҳими, ушбу ўзгаришлар 2026 йил 13 майдан бошлаб юзага келган суғурта ҳодисаларига ҳам татбиқ этилади.
Яни, давлат ижтимоий суғуртаси тизимидаги ҳар бир янги қадам орқали кўпроқ фуқарони қамраб олиш, паст даромадли ходимлар ва оналарнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, ортиқча чекловларни камайтириш ҳамда нафақаларни адолатли ва шаффоф тайинлаш имкониятлари кенгаймоқда.


