Марказий банк аҳолининг қарз юки ортиб бораётгани, хусусан, қарз олувчиларнинг кредитларни узиш қобилиятидан хавотирда. Бу ҳақда Марказий банк раиси ўринбосари Санжар Носиров 7-август куни Сенатнинг “Реклама тўғрисида”ги қонунга кредит ва микроқарзлар рекламасида молиявий таваккалчиликлар ҳақида мажбурий огоҳлантиришларни жорий этишни назарда тутувчи ўзгартишларни муҳокама қилишга бағишланган мажлисида маълум қилди.
Сенатор Ҳусан Эрматов аҳолининг банклар олдидаги қарздорлиги юқори даражага етганини таъкидлади. У келтирган Марказий банк маълумотларига кўра, охирги бир йил ичида аҳолига кредит ажратиш 21,2 фоизга ошган, тадбиркорларнинг қарздорлиги эса 12 фоизга ўсган. Унинг сўзларига кўра, олти йил ичида аҳолининг қарзлари беш баробардан зиёд кўпайиб, 231 триллион сўмга етган.
У Марказий банк вакилидан рекламада молиявий таваккалчиликлар ҳақидаги мажбурий огоҳлантириш қарз юкининг кейинги ўсишини қанчалик жиловлай олиши ва бундай чоранинг мумкин бўлган таъсири бўйича тадқиқотлар ўтказилган ёки йўқлиги билан қизиқди.
“Бу ҳақиқатдан ҳам ташвишли ҳолат”
Сенаторга жавоб берар экан, Марказий банк раиси ўринбосари Санжар Носиров вазият хавотир уйғотаётганини билдирди.
“Жуда тўғри таъкидладингиз. Бу ҳақиқатдан ҳам ташвишли ҳолат. Охирги йилларда шундай ўсиш кузатилди”, — деди у.
Шу билан бирга, МБ вакили ўсишнинг бир қисми аҳолининг банк кредитларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайгани ва ўтган йиллардаги қондирилмаган талаб билан боғлиқлигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, илгари жисмоний шахс учун банк кредитини олиш анча қийин бўлган, сўнгги йиллардаги ислоҳотлар эса молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтирди.
Шу билан бирга, регуляторнинг асосий хавотири кредитлар ҳажмининг ошиши билан эмас, балки қарз юки ва фуқароларнинг қарздорликни узиш қобилияти билан боғлиқлигини таъкидлади.
“Асосий хавотирларимиз рақамларнинг ўзи ўсаётгани билан эмас, кўпроқ қарз юкининг ортиб бораётгани, аҳоли ушбу қарзга хизмат кўрсатишга қанчалик қодирлиги билан боғлиқ. Айнан мана шу кўрсаткичларнинг ўсиши бизни кўпроқ ташвишга солмоқда”, — деди МБ раиси ўринбосари.
Даромаднинг ярмидан кўп бўлмаган миқдори кредит тўлашга
Марказий банк вакили регулятор фуқароларнинг ҳаддан ташқари қарзга ботишига йўл қўймасликка қаратилган бир нечта чекловларни аллақачон жорий этилганини эслатиб ўтди.
“Биз қарзга хизмат кўрсатиш кўрсаткичини жорий этдик. Норматив белгиланган, у 50 фоиздан ошмаслиги керак. Яъни инсон ойлик даромадининг кўпи билан 50 фоизини кредит тўлашга йўналтириши лозим”, — деди у.
Бундан ташқари, йил бошидан буён қарз суммасининг даромадга нисбати бўйича чеклов киритилди. МБ вакилининг тушунтиришича, расмий тасдиқланган даромад мавжуд бўлганда кредит ҳажми унинг 8 бараваридан, норасмий даромадда эса 5 бараваридан ошмаслиги керак.
Шунингдек, МБ истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни кучайтирди, дея қўшимча қилди банк раиси ўринбосари.

