Ўзбекистонда банкдан қарз олувчиларнинг 29 фоизида биттадан ортиқ кредит мавжуд бўлиб, бир қарз олувчига ўртача 1,7 та кредит тўғри келади. Бу ҳақда Марказий банкнинг 2025-йил учун молиявий оммабоплик бўйича илк ҳисоботида маълум қилинди.
Бир вақтда бир нечта кредит олиш оммалашган
Таҳлилга кўра, республикада катта ёшли аҳолининг 20 фоизи банкларда амалдаги кредит ҳисобварағига эга. Яна 7 фоиз аҳоли тартибга солинадиган микромолия ташкилотларида фаол кредит ҳисобварағидан фойдаланади.
“Банк қарз олувчиларининг 29 фоизида биттадан ортиқ кредит мавжуд бўлиб, бир қарз олувчига ўртача 1,7 та кредит тўғри келади. Мазкур натижа бир қарз олувчининг бир нечта кредитдан фойдаланиши амалиёти кенг тарқалганини, кредитдан фойдаланиш даражаси ва қамрови ортиб бораётганини кўрсатади”, дейилади таҳлилда.
Кредит портфелида аёллар улуши юқори
Тадқиқотда аёллар орасида банк кредит ҳисобварағига эга бўлганлар улуши 19 фоизни ташкил этиши ёзилган. Бу кўрсаткич катта ёшли аҳоли (20 фоиз) бўйича умумий кўрсаткичдан 1 фоиз бандга паст. 2025-йилда ажратилган янги чакана кредитлар ҳажмининг 35 фоизи, чакана кредит портфели қолдиғининг 38 фоизи аёллар ҳиссасига тўғри келган.
“Аёллар базавий банк маҳсулотларидан фойдаланишда мамлакат миқёсидаги умумий даражага деярли тенг иштирок этмоқда. Вояга етган аёлларнинг 86 фоизи ва катта ёшли аҳолининг 86 фоизи банк ҳисобварағига эга”, дейилади регулятор таҳлилида.
Муаммоли кредитлар ўрнини қоплашга захира етарли
Баҳоланишича, аҳолининг жами кредитлари таркибида муаммоли қарзлар улуши 3 фоизни ташкил этади. Ўз навбатида муаммоли қарздорликни қоплаш учун банкларда захиралар етарлича шакллантирилган. Регулятор кредит қиймати, шартларининг шаффоф ва тушунарли бўлишига эътибор қаратиш муҳимлигига урғу берган. Тўлов миқдори ва жадвалининг қарз олувчининг молиявий имкониятларига мослиги диққат марказида бўлиши лозимлигини қайд этган.
“Чунки сифатли кредитлаш ажратилган кредитлар сони билан эмас, балки молиялаштиришнинг мижоз эҳтиёжларига қанчалик мос келиши ва қарз олувчи томонидан ортиқча қарз юкини юзага келтирмаган ҳолда ўз кўрсатилиши билан белгиланади”, дейилади ҳисоботда.
Кичик ва ўрта бизнес қарзларига оид кўрсаткичлар
Кичик ва ўрта тадбиркорлик субектларининг қарийб 24 фоизи банк ёки микромолия ташкилотида амалдаги кредит ҳисобварағига эга. Кредит бюросида (КАТМ) қайд этилган субектлар улуши эса тахминан 68 фоизни ташкил этади. Мазкур кўрсаткич миқёси банк ҳисобварағига эга тадбиркорлик субектлари улушига яқин ҳисобланади.
Мазкур тоифадаги тадбиркорлик субектларига ажратилаётган микрокредитларнинг 5 фоизи тўлиқ онлайн каналлар орқали расмийлаштирилган.
“Бу бизнес учун кредит олиш жараёнларини рақамлаштириш ҳали дастлабки босқичда эканини кўрсатади”, деб хулоса берган регулятор.
Таҳлилда кичик ва ўрта бизнесларга ажратилган кредитлар банклар жами кредит портфели қолдиғининг 36 фоизига тенг.
Ҳисоботда кичик ва ўрта бизнес субектларини кредитлаш бозорида консентрация индекси юқорилиги билдирилган. Бу бозорда бир нечта фаол иштирокчи мавжудлигини кўрсатиб, кредитлашнинг муайян даражада жамланганини англатади.


