Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

«Ўзбекистон темир йўллари» Мустақиллик байрами муносабати билан ички йўналишлардаги қатновларга чегирмалар эълон қилди

«Ўзбекистон темир йўллари» 1–4 сентябрь кунлари ички йўналишларда йўловчи поездлари тариф қисмидан киритилган чегирмалар жорий этилганини эълон қилди. Чегирмалар 10 фоиздан 50 фоизгача бўлиши назарда тутилган.

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти 1–4 сентябрь кунлари ички йўналишларда йўловчи поездлари тариф қисмидан киритилган чегирмалар жорий этилганини эълон қилди. Бу ҳақда жамият матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, чегирмалар Президентнинг 2021 йил 20 декабрдаги «2022 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ расмий саналарни нишонлаш даврида фуқароларнинг дам олишлари учун қўшимча шароитлар яратиш учун жорий этилган.

Унга кўра, чегирмалар:

  • Нафақахўрлар, ногиронлар, 1941–1945 йил уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган фуқароларга чиптанинг тариф қисмидан 50 фоиз;
  • Олий ўқув юртларининг талабалари, мактаб ўқувчилари, коллеж ва лицей талабалари, ИИВ, МВ, ДХХ, ДС, ДБ махсус таълим муассасалари талабаларига чиптанинг тариф қисмидан 15 фоиз;
  • Оилавий бўлиб поездга чиқилганда (икки ёки ундан ортиқ киши — эр ва рафиқа, эр ёки рафиқа ва 18 ёшгача бўлган фарзандлари, отаси ёки 18 ёшга тўлмаган боласи бўлган она) (никоҳ гувоҳномаси тақдим этилган ҳолда) чиптанинг тариф қисмидан 15 фоиз;
  • Бир жамоа, гуруҳ бўлиб поездга чиқилганда (йўриқнома асосида 4 нафар ва ундан ортиқ кишига) чиптанинг тариф қисмидан 15 фоиз;
  • «Афросиёб» тезюрар электропоездларида барча тоифадаги йўловчиларга чиптанинг тариф қисмидан 10 фоизни ташкил этади.

Шунингдек, имтиёзли бўлган чипталарни фақат темирйўл кассаларида харид қилишингиз мумкинлиги айтилган. Электрон чипталарда белгиланган чегирмалар расмийлаштирилмайди.

Аввалроқ Uzbekistan Airways республиканинг барча аҳолиси учун 2022 йил 1 сентябрдан 4 сентябргача бўлган байрам кунларида амалга ошириладиган маҳаллий авиақатновларга чегирма эълон қилганди.

Барча турдаги тарифларга 50 фоиз чегирма эълон қилинган. Авиачипталарни расмий сайт, Uzbekistan Airways Sales филиалида ва авиакомпаниянинг агентларидан харид қилиш мумкинлиги таъкидланган.