Россияда «Сколтех» ва Радио тадқиқот институти (Рақамли ривожланиш вазирлигига қарашли) маҳаллий олтинчи авлод (6G) алоқа ускуналарини ишлаб чиқиш учун бюджетдан 30 миллиард рублдан кўпроқ маблағ сўради. Бу ҳақда «Коммерсантъ» нашри хабар берди.
Лойиҳада ускуналарни 2025 йилгача ишлаб чиқариш назарда тутилган. Маълумот учун, Россияда айни дамда ҳали 5G тармоқларининг тижорий фаолияти мавжуд эмас.
Бош вазир ўринбосари Дмитрий Чернишенко Рақамли ривожланиш вазирлигига Таълим ва фан вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда 1 августга қадар 2023 ва 2024 йилга мўлжалланган бюджет лойиҳасида 6G алоқа тармоғи соҳасида илмий-тадқиқот ишларини қўшимча маблағ билан таъминлашни топширган.
Радио тадқиқот институти бош директори Олег Иванов нашрга айтишича, лойиҳа прототиплардан ишлаб чиқаришгача бўлган ускуналарни яратиш, компонентлар базасини ривожлантириш, норматив-ҳуқуқий базани тайёрлаш ва янги тармоқларнинг электромагнит хавфсизлигини ўрганишни назарда тутади.
«Ростех» вакилининг хабар беришича, «олтинчи авлод уяли алоқа стандартини (6G/NET2030) ишлаб чиқиш дастлабки босқичда». Ҳозирда аксарият операторлар, шу жумладан рус алоқа операторлари тармоқ 5G стандартини қўллаб-қувватлайдиган ускуналар билан жиҳозламоқда.
Россияда 5G тармоқларининг тижорий фаолияти йўқ, чунки жаҳон стандарти учун танланган 3,4-3,8 гигагерцли частота диапазони Россияда махсус хизматлар томонидан банд қилинган.
6G стандарти 95 ГГц дан 3 ТГц гача бўлган диапазонда ишлаши кутилмоқда. Аммо, телеком бозоридаги манбанинг нашрга тушунтиришича, терагерц диапазони ҳали ҳеч қандай вазифалар учун ишлатилмаган ва «маълумотларни узатиш нуқтаи назаридан ҳам, инсон хавфсизлиги нуқтаи назаридан ҳам ўрганилмаган».
Мобил операторлар 6G алоқа тизимларини яратиш ва лойиҳанинг ўз вақтида амалга оширилишига ишончи комил эмас.
«6G ҳақида гапиришдан олдин, замонавий воқеликда биз LTE частота диапазонларини босқичма-босқич кенгайтиришга эътибор қаратишимиз керак», — дейди «Вимпелком» вакили.
Унинг таъкидлашича, «ҳозирда эҳтиёжларни тўлиқ қондирувчи» 4G инфратузилмасини модернизация қилиш ва қўллаб-қувватлаш керак.
Аввалроқ Самарқандда 5G синовдан ўтказилаётгани ҳақида хабар берилган эди.


