Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 10ноябр · Сешанба
USD 11 994,10 ▲ +6,94 EUR 13 420,20 ▲ +26,95 RUB 145,79 ▼ −0,50 GBP 16 087,69 ▲ +27,29
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Уй олмоқчи бўлганлар пулини тўғридан-тўғри қурувчига бермаслиги мумкин

Қонунчилик палатаси улушли қурилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилиб, Сенатга юборди. Лойиҳага кўра, хонадон сотиб олувчиларнинг пули банкдаги эскроу ҳисобварағида сақланади ва уй фойдаланишга топширилгандан кейингина қурувчига ўтказилади.

Қонунчилик палатаси «Кўп квартирали уйларни ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилиб, Сенатга юборди. Лойиҳага кўра, улушли қурилишда хонадон сотиб олувчиларнинг пули тўғридан-тўғри қурувчига эмас, банкдаги эскроу ҳисобварағига ўтказилади. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси хабар берди.

Улушли қурилишда харидор уй қуриб битказилишидан олдин пул тўлайди ва келажакда қуриладиган хонадонга улуш олади. Эскроу ҳисобварағида эса пул битим шартлари бажарилгунча банкда сақланади. Лойиҳага кўра, маблағ қурувчига объект фойдаланишга топширилгандан кейин ўтказилади.

Лойиҳа бўйича харидорлар учун асосий ўзгаришлар:

  • Пул жалб қилиш шартлари. Қурувчи аҳоли пулини фақат қонун талабларига жавоб берса, Ягона ахборот тизимида рўйхатдан ўтса, ваколатли банк билан бош битим тузса ва лойиҳа декларациясини эълон қилса жалб қила олади.
  • Шартнома нотариал тасдиқланади. Улушли иштирок этиш шартномаси ва унга киритиладиган барча ўзгаришлар нотариал тасдиқланади ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилади. Бу битта хонадоннинг икки марта сотилиши ва норасмий «қўшимча келишувлар»нинг олдини олиши кутилмоқда.
  • Пулни фоизи билан қайтариш. Қурувчи пулни қонунга зид равишда жалб қилса, харидор пулни қайтаришни ва ундан фойдаланилгани учун фоиз тўлашни талаб қила олади.
  • Кечикишда олти ой кутилмайди. Уйни топшириш муддати бузилганда объектни муаммоли деб топиш учун олти ой кутиш талаби олиб ташланди. Қурувчи камчиликларни тузатмасдан, фақат товон тўлаб муаммоли объектлар реестридан чиқиб кета олмайди.
  • Қурилиш тўхтаб қолмаслиги учун. Зарур ҳолларда ваколатли банкни ёки қурувчини алмаштириш механизми назарда тутилган.
  • Очиқ маълумот. Қурувчи ва объект ҳақидаги маълумотлар Ягона ахборот тизимида эълон қилинади.

Лойиҳага кўра, янги тартиб қонун кучга киргандан кейин қурилишга рухсатнома олинган объектларга татбиқ этилади. Ҳозир қурилаётган уйларга у тўғридан-тўғри тааллуқли бўлмайди.

Эскроу тизими Президентнинг 2025 йил 27 январдаги фармони билан босқичма-босқич жорий этилмоқда. 2025 йил 1 июлдан улушдорлар эскроу ҳисобварағидан ихтиёрий равишда фойдалана бошлаган. Фармонда 2026 йил 1 январдан маблағларни фақат эскроу орқали жалб қилиш кўзда тутилган.

Қонун кучга кириши учун уни Сенат маъқуллаши ва Президент имзолаши керак. Қонун қачондан кучга кириши маълум қилинмаган.

Олдинроқ Рақобат қўмитаси 132 та қурувчининг шартномаларини ўрганиб, уларнинг 77 фоизида шартнома бекор қилинганда пулни қайтариш муддати белгиланмаганини аниқлаганди. Марказий банк маълумотига кўра, октябрь ойида эскроу ҳисобварақлари орқали кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича 16 893 та битим расмийлаштирилган.