Тижорат банкларининг жами капитали 2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра 153 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17 фоизга ошди. Шу даврда банкларнинг устав капитали қарийб 10 фоизга ўсиб, 101 трлн сўмга етди. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.
Устав капитали — акциядорлар банкка киритган маблағ. Жами капитал эса унга қўшимча равишда тақсимланмаган фойда, захиралар ва бошқа манбаларни ҳам ўз ичига олади.
Мамлакатда 35 та тижорат банки фаолият юритмоқда. Жами капитал ҳажми бўйича гуруҳлар таркиби қуйидагича ўзгарди:
- 5 трлн сўмдан юқори капиталга эга банклар сони 10 тадан 11 тага етди;
- 2 трлн сўмдан 5 трлн сўмгача капиталли банклар сони 7 тадан 8 тага ошди;
- 500 млрд сўмгача капиталли банклар сони 4 тадан 1 тага камайди.
Капитали 10 трлн сўм ва ундан юқори бўлган 4 та банкнинг жами капиталдаги улуши 42 фоиздан 39 фоизга тушди. Капитали 5 трлн сўмдан 10 трлн сўмгача бўлган 7 та банкнинг улуши эса 30 фоиздан 33,8 фоизга кўтарилди.
Устав капитали бўйича ҳам ўзгаришлар бор. Устав капитали 2 трлн сўмдан 5 трлн сўмгача бўлган банклар сони 4 тадан 7 тага кўпайди, бу гуруҳнинг жами устав капиталидаги улуши 14,5 фоиздан 22,8 фоизга ошди. Банкларнинг ярмидан кўпи, яъни 19 таси, устав капитали 500 млрд сўмдан 1 трлн сўмгача бўлган гуруҳда.


