Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 20октябр · Сешанба
USD 12 044,72 ▼ −11,18 EUR 13 525,02 ▼ −47,51 RUB 145,46 ▲ +1,30 GBP 16 062,84 ▼ −16,11
Маълумот: Марказий банк
Технология

Ўзбекистонда Google Pay хизмати ишга туширилди

Самарқандда ўтказилаётган C5+1 форматидаги тадбирлар доирасида Ўзбекистонда Google Pay хизмати ишга туширилгани эълон қилинди. Google Pay — бу Googleʼнинг рақамли тўлов хизмати. У телефон орқали дўконларда, илова ва сайтларда тўлов қилиш имконини беради.

Ўзбекистонда Google Pay хизмати ишга туширилди. Бу ҳақда 19 октябрь куни Самарқандда ўтказилаётган C5+1 форматидаги тадбирлар доирасидаги панель сессиясида маълум қилинди, дея хабар берди Рақамли технологиялар вазирлиги матбуот хизмати.

Унда сўзга чиққан Google Cloud компаниясининг Марказий ва Шарқий Европа бўйича ҳукумат билан алоқалар ва давлат сиёсати масалалари раҳбари Марcин Красуски мазкур хизмат мамлакатда иш бошлаганини эълон қилди.

«Менимча, Ўзбекистон илғор рақамли тартибга солиш бўйича етакчилардан бири. Шу сабабли бугун Google Ўзбекистонда GPay — Google Pay хизматини ишга тушираётганини мамнуният билан эълон қиламан», — деди у.

Сессия Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ давлат идоралари вакиллари, шунингдек, етакчи компаниялар иштирокидаги бизнес дастур доирасида ўтказилмоқда.

Жорий йил 26 март куни президент «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонунни имзолаган эди. Ҳужжат билан барча шахсий маълумотларни фақат Ўзбекистон ҳудудидаги серверларда сақлаш талаби бекор қилинди. Эндиликда бу талаб фақат биометрик ва генетик маълумотлар ҳамда телекоммуникация операторлари абонентлари маълумотларига нисбатан сақланиб қолган. Қолган шахсий маълумотларни эса маълум шартларга риоя қилинган ҳолда хорижда қайта ишлаш мумкин.

Июль ойида Ўзбекистонда Apple Pay ва Google Pay халқаро тўлов хизматларини ишга тушириш учун техник ишлар олиб борилаётгани маълум қилинди. Марказий банк маълумотига кўра, сентябрь ойида хизматларни ишга тушириш бўйича музокаралар ўтказилиши режалаштирилган, бироқ улар айнан шу ойда ишга туширилиши кўзда тутилмаган.

Google Pay — бу Googleʼнинг рақамли тўлов хизмати. У телефон орқали дўконларда, илова ва сайтларда тўлов қилиш имконини беради. Оддий қилиб айтганда, банк картангизни Google Wallet’га қўшилади ва мос Android телефонни терминалга теккизиб NFC орқали контактсиз тўлов қилиш мумкин. Шунингдек, айрим сайт ва иловаларда карта рақамини қайта-қайта киритмасдан Google Pay орқали тўлаш мумкин.