Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Google вице-президенти Каран Бҳатия билан учрашди. Саида Мирзиёеванинг маълум қилишича, учрашувда Ўзбекистонда YouTube монетизациясини ишга тушириш масаласи муҳокама қилинган.
Унинг қайд этишича, сўнгги йилларда мамлакатда шахсга доир маълумотларни қайта ишлаш ва рақамли тўловлар соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилган.
Бу эса Ўзбекистонда халқаро тўлов тизимларидан эркин фойдаланиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
«Компания билан жуда кўп йўналишда ҳамкорлик қилиш имконияти бор. Олдимизда эса катта ва муҳим вазифалар турибди», — деди Мирзиёева.
YouTube монетизацияси
YouTubeʼнинг расмий маълумотларига кўра, YouTube Partner Program (YPP) Ўзбекистонда ҳозирча мавжуд эмас. YPP’га кириш учун ижодкор дастур мавжуд бўлган мамлакат ёки ҳудудда яшаши керак.
YouTube монетизацияси 108 та давлатда ёқилган бўлиб, Марказий Осиё давлатларидан фақат Қозоғистонда мавжуд. Россия (санкциялар сабаб), Хитойда ҳам хизмат ёқилмаган.
2018 йилда центабрда Ўзбекистонда Facebook, октабрда YouTube ва бошқа хизматлардан фойдаланиш муаммолари бошланганди. 2021 йилда май ойида YouTube Ўзбекистонга пул тўлашни тўхтатганди. Бироқ YouTube бу чеклов бўйича ҳеч қандай расмий баёнот бермади.
2023 йилда YouTubeʼнинг Ўзбекистондаги монетизациясига чеклов олиб ташланиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди. Ўша пайтда Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов ҳамда Администрация Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўба мудири Саида Мирзиёева АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник билан учрашув ўтказганди.


