Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 10ноябр · Сешанба
USD 11 994,10 ▲ +6,94 EUR 13 420,20 ▲ +26,95 RUB 145,79 ▼ −0,50 GBP 16 087,69 ▲ +27,29
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

«Талимаржон ИЭС» реклама баннерлари учун ўтказган 1,2 млрд сўмлик танловни бекор қилди

Рақобат қўмитаси «Талимаржон иссиқлик электр станцияси» АЖ ўз биноларига реклама баннерлари ўрнатиш учун ўтказган, бошланғич нархи 1,2 млрд сўмдан ортиқ танлов савдосида «Рақобат тўғрисида»ги қонун бузилганини аниқлади. Шундан сўнг станция савдони ўз ихтиёри билан бекор қилди.

«Талимаржон иссиқлик электр станцияси» АЖ ўз ҳудуди ва биноларига реклама баннерлари ҳамда ёзувлар ўрнатиш учун эълон қилган танлов савдосини бекор қилди. Савдонинг бошланғич нархи 1,2 млрд сўмдан ортиқ эди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

Қўмитанинг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси келиб тушган мурожаат асосида савдонинг «Рақобат тўғрисида»ги қонунга мувофиқлигини ўрганди.

Қўмита маълумотига кўра, станция қонуннинг 29-моддасини бузган, яъни савдо рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган тарзда, белгиланган тартиб бузилган ҳолда ўтказилган.

Текширув натижасидан сўнг станция танлов савдосини ихтиёрий равишда бекор қилди.

Қўмита савдода айнан қандай ҳолатлар аниқланганини, мурожаат кимдан келиб тушганини ва савдо қачон эълон қилинганини маълум қилмади.