Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Россиядаги банклар чет эл валютасида ҳисобварақа ва депозит очишдан бош тортмоқда

Россия Марказий банки вакилининг айтишича, ташқи чекловлар фонида мамлакат банклари валюта операцияларининг бир қисмини амалга оширишдан бош тортишга ёки уларнинг ҳажмини камайтиришга мажбур.

Фото: ТАСС

Россиядаги банклар хорижий валютада ҳисобварақа ва депозит очишни чеклаяпти. Бу ҳақда «Известия» нашри хабар берди.

«UniCredit Bank» call-центри нашрга валюта ҳисобварақларини очишни тўхтатганини маълум қилган. Банк матбуот хизмати чакана мижозлар учун хорижий валютада янги ҳисобварқалар расмийлаштириш вақтинча тўхтатилганини тасдиқлаган.

«ДОМ.РФ» банки call-центри ҳам хорижий валютада депозитлар очишни тўхтатилганини айтган. Банк сайтидаги чатда қайд этилишича, энди жамғарма маҳсулотлари фақат рубль ва юанда мавжуд.

Бундан ташқари, 1 августдан бошлаб «UniCredit Bank» премиум карта эгаларидан ташқари барча мижозлар учун доллар, евро, фунт стерлинг, Швейцария франки ва япон иенасини сақлаб тургани учун ойига 0,3 фоиз миқдорда комиссия жорий қилади.

«Ренессанс Кредит» матбуот хизмати банк долларда янги муддатли омонатларни қабул қилишни бекор қилиш ва жорий ҳисобварақлардаги валюта қолдиғини сақлаш учун комиссия жорий этиш имкониятларини ўрганиб чиқаётгани, бироқ ҳозирча қарор қабул қилмагани ҳақида хабар берди. Уларнинг айтишича, бу қарор тасдиқланиши эҳтимоли мавжуд.

Нашрнинг эслатишича, аввалроқ «Тинькофф» банк хорижий валютадаги депозитларни очишни тўхтатган, «ПСБ», «Росбанк » ва «Откритие» доллар ва евродаги маҳсулотларга киришни чеклаган, «Русский Стандарт» банки эса Ғарб валютасида депозитларни қабул қилишни тўхтатган эди.

«Молиявий маҳсулотларни доллар ва еврода расмийлаштириш имконияти ‘ВТБ’, ‘МКБ’ ва ‘Новикомбанк’да қолмоқда», деб ёзади газета.

«Откритии» банкида фақат жамғарма ва амалдаги ҳисоблар мавжуд.

Шу билан бирга, баъзи банклар, жумладан, «Тинькофф» , «Росбанк» ва«Райффайзенбанк» евро ва доллардаги валюта ҳисобларига хизмат кўрсатиш учун тўлов олишни бошлаган.

Россия Марказий банки вакилининг нашрга айтишича, ташқи чекловлар фонида Россия банклари валюта операцияларининг бир қисмини амалга оширишдан бош тортишга ёки уларнинг ҳажмини камайтиришга мажбур.

НКР бошқарувчи директори Михаил Доронкин банкларнинг хатти-ҳаракатларини валюта мажбуриятларини бажариш имконияти сезиларли даражада камайиши ва хорижий банклардаги ҳисобварақлар активларининг ёпиб қўйилиши мумкинлиги хавфи билан изоҳлади.

«Хорижий валютадаги депозитларга маблағ жалб қилинган тақдирда, банк талаб йўқлиги сабабли ушбу валютада кредит бера олмайди», — деган у.

Аввалроқ Россиянинг санкцияга учраган банклари Visa ва Mastercard карталарини чиқаришни тўхтатган эди. Хусусан, АҚШ ҳукумати ва бошқа бир қатор давлатлар Россия банклари: «ВТБ», «Совкомбанк», «Новикомбанк», «Промсвязьбанк» ҳамда «Россия» ва «Откритие» банкларига қарши «блокловчи» санкциялар жорий этилганини эълон қилган.

Мавзуга доир: