Kommers.uz’да дизель нархининг кескин кўтарилиб кетгани бўйича вазиятдан норози фермер билан суҳбат эълон қилинганди. Унда Uzbekistan GTL ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан ишлаб чиқарилган дизель биржа савдоларига чиқарилмаётгани ҳам таъкидлаб ўтилди.
«Ўзбекнефтгаз»нинг нашрга маълум қилишича, Uzbekistan GTL заводи томонидан ишлаб чиқарилган «17 880 тонна янги турдаги ва юқори сифатли синтетик дизель ёнилғиси бозор тамойиллари асосида биржа савдоларига жойлаштирилиб, харидорлар томонидан тўлиқ харид қилинган». Ташкилот ўз ўрнида, 19 июль куни 660 тонна дизель сотилганини таъкидламоқда.
Лекин биржа сайтида бу бўйича бирорта маълумот йўқ.
Ташкилот, шунингдек, 19 июль куни «Бухоро НҚИЗ» омборларидан 820 тонна ЭКО русумли дизель ёнилғиси биржа савдоларига қўйилиб, тўлиқ харидорларга сотилганини таъкидлаган.
Kommers.uz томонидан эълон қилинган мақоладан асосий мақсад дизель нархининг тартибга солинмагани, ва фермерларнинг нархлар кўтарилиб кетганидан норозилигини етказиш эди.
Лекин «Ўзбекнефтгаз» дизель нархи нега 3 ойда деярли 2 бараварга ошиб кетггани бўйича аниқ муносабат билдирмади. Тақдим этилган маълумотларда нархлар кўтарилгани бўйича умуман сўз очилмаган.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 4 апрелдаги ПҚ-4664-сон қарорига мувофиқ 2020 йил 1 майдан бошлаб дизель ёнилғисининг чакана нархлари давлат томонидан тартибга солиш тизими бекор қилиниб, сотиш нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан эркин ва шаффоф бозор тамойиллари асосида фақат биржа савдолари орқали амалга оширилиши белгиланган.
«Шунингдек, ушбу қарор асосида пахта хом ашёси ва ғалла ишлаб чиқарувчи фермер хўжаликлари ва пахта-тўқимачилик кластерларига дизель ёнилғиси биржа савдолари натижаларига кўра шаклланган ўртача биржа нархлари бўйича тўғридан-тўғри шартномалар асосида, шунингдек, уларга нефтни қайта ишлаш заводларидан нефть маҳсулотларини биржа савдолари орқали харид қилиш ҳуқуқини тақдим этган ҳолда сотилиши белгиланган.
Мазкур қарор асосида дизель ёнилғиси истеъмолчилар ҳохишига кўра ‘Ўзбекнефтгаз’ АЖ тасарруфидаги нефть базалар орқали биржа савдолари натижасига кўра шаклланган ўртача биржа нархлари бўйича тўғридан-тўғри шартномалар асосида етказиб берилмоқда», дейилади муносабатда.
Саволлар очиқлигича қолмоқда. Сотувга қўйилаётган дизель ёқилғисининг таннархи, нархлар нега кўтарилиб бораётгани бўйича аниқ маълумот йўқ.
Kommers.uz дизель нархи бўйича воқелар ривожини кузатиб боради.


