Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Хитой газ импортини қисқартирди

Хитой импорт қиладиган газ ҳажмининг умумий қисқариши фонида Россиянинг Хитойга суюлтирилган газ экспорти ошди.

Хитой 2022 йилнинг биринчи ярмида газ импортини ўн фоизга, яъни 53,57 миллион тоннага қисқартирди. Бу ҳақда Хитой Миллий статистика бюроси маълум қилди.

Шу билан бирга, мамлакатда энергия ресурслари ишлаб чиқаришнинг йиллик ўсиши 4,9 фоизга ошиб, олти ойда 109,6 миллиард куб метрни ташкил қилди.

Қайд этилишича, 2022 йил июнь ойида Хитойнинг газ импорти ҳажми 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 14,6 фоизга камайган.

Маълум бўлишича, Хитой импорт қиладиган газ ҳажмининг умумий қисқариши фонида Россиянинг Хитойга суюлтирилган газ экспорти ошган.

Bloomberg нашри хабарига кўра, Хитойдаги энергия импортчилари ҳозирги манбалардан энергоресурслар харид қилиш чекланган тақдирда импортни диверсификация (сотиш ва сотиб олиш бозорларини қайта йўналтириш) қилиш имкониятини қидирмоқда.

Аввалроқ Владимир Путин ва Си Цзиньпин газ етказиб бериш бўйича янги келишувни эълон қилганди. Путин Россия янги шартнома асосида Хитойга Узоқ Шарқдан йилига 10 миллиард куб метр газ етказиб беришини айтган. Шундан сўнг дарҳол «Роснефть» ва «Газпром» Хитойнинг CNPC компанияси билан янги шартномалар ҳақида эълон қилган.

Шунингдек, Хитой раҳбари Туркманистоннинг собиқ Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовга газ таъминотида «янги босқич»га кўтарилишни таклиф қилганди.