Кўпроқ ёш фойдаланувчилар Google’ни ижтимоий тармоқларга алмаштирмоқда. Бу ҳақда TechCrunch компанияси тадқиқотларга таяниб хабар берди.
Гап нафақат YouTube видеохостинги, балки Google’нинг асосий маҳсулотлари — «Қидирув тизими» ва «Хариталар» ҳақида ҳам бормоқда.
Fortune Brainstorm Tech конференциясида компаниянинг катта вице-президенти, билим ва ахборот бўлими раҳбари Прабхакар Рагхаван Google маҳсулотларининг келажаги ва уларда сунъий интеллектдан фойдаланиш ҳақида тўхталиб ўтди.
Ахборот қидириш эволюциясини муҳокама қилар экан, у ёш фойдаланувчилар «Қидирув тизими» ёки «Хариталар»га эмас, балки Instagram ва TikTok’га тобора кўпроқ мурожаат қилаётганини таъкидлади.
Рагхаваннинг маълум қилишича, олдинги авлод қидирув учун калит сўзлардан фойдаланган бўлса, ҳозирги ёшларнинг қирқ фоизи, масалан, ресторанларни TikTok ёки Instagram орқали изламоқда.
Google 18 ёшдан 24 ёшгача бўлган америкалик фойдаланувчиларни шахсий тадқиқ қилиш орқали ушбу прогнозни берди. Тадқиқот, шунингдек, АҚШдаги эллик беш фоиз одамлар ўз маҳсулотларини Google ўрнига Amazon’да қидиришни бошлаганини кўрсатди. Бу эса энг йирик электрон тижорат платформасини Google’нинг навбатдаги рақобатчисига айланганини кўрсатади.
Ушбу тенденция Google’нинг асосий қидирув бизнесига ва компаниянинг реклама даромадига таъсир қилиши мумкин. Рагхаван, шунингдек, ёшлар ёрқинроқ визуал тасвирларни афзал кўришини ҳам қўшимча қилган.
Бу одамлар ҳеч қачон қоғоз хариталардан фойдаланмаган инсонлардир. Навигация хизматлари эса, одатда, хариталарнинг рақамлаштирилган версиясига ўхшайди. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун Google «Хариталар» фойдаланувчиларнинг қаердалигини билишга ёрдам берувчи қўшимча функцияни яратди.
Май ойида бўлиб ўтган Google I/O дастурчилар конференциясида компания «Хариталар»ни янада интерактив хизматга айлантирадиган янги 3D режимлари ва иммерсив кўринишларни тақдим этди.
Рагxаваннинг айтишича, ёшларнинг визуал контентга бўлган эҳтиёжи қидирув тизимини ўзгартирди. Google келажакда тасвир ва матнни бирлаштиришни мақсад қилган бўлиб, бу фойдаланувчиларга сўровлар учун калит сўзларни киритмасликлари, балки телефон ёки кенгайтирилган реаллик кўзойнаклари орқали қидирувдан фойдаланиш имконини беради.


