Instagram баъзи америкалик фойдаланувчилардан ирқий ва этник маълумотларни сўрашни бошлайди. Бу ҳақда компания блогида айтилади.
Ижтимоий тармоқ бу орқали турли гуруҳлар платформадан қандай фойдаланишини ўрганмоқчи. Сўровнома YouGov томонидан ўтказилади, саволларга жавоб бериш мажбурий эмас. Instagram’нинг таъкидлашича, жавоблар «фойдаланувчи тажрибасини чекламайди, контентга кириш ёки унинг қамровига таъсир қилмайди».
Instagram бош директори Адам Моссери эълон қилган видеомурожаатида тушунтиришича, маълумотларни тўплаш платформани «адолатли ва холис» қилишга ва унинг фаолиятини ривожлантиришга ёрдам беради.
Фойдаланувчилар жавоблари тўплангандан сўнг, маълумотлар идентификация қилинади ва тўртта тадқиқот институти ўртасида тақсимланади: Жанубий Техас университети, Марказий Флорида университети, Шимоли-шарқий университет ва Oasis Labs.
Instagram 29 июль куни фойдаланувчиларнинг салбий муносабати туфайли дастурни аввалги версиясига қайтаришга мажбур бўлди. Ижтимоий тармоқ янгиликлар лентасини яратиш алгоритмини янгилаб, уни TikTok’га ўхшатиб қўйган эди.
Аввалроқ Instagram фойдаланувчилар ёшини текширишнинг учта янги усулини йўлга қўйиши ҳақида хабар берилган эди. Булар — видео селфи, катта ёшли дўстларнинг тасдиқлаши ва шахсий гувоҳнома. Функция АҚШда яшовчилар учун ишга туширилган ва ёшни «18 ёшгача»дан «18 ва ундан юқори»га ўзгартиришга уринаётганда кўрсатилади.
Ушбу функция ўсмирларга ижтимоий тармоқдаги ёш чекловларини четлаб ўтишга йўл қўймаслиги тахмин қилинмоқда. Ундан ўсмир сифатида нотўғри рўйхатдан ўтган катталар ҳам фойдаланиши мумкин бўлади.
Олдинроқ эса Instagram ва TikTok ёшлар учун Google қидирув тизими ва хариталарининг ўрнини боса бошлагани маълум қилинди. Олдинги авлод қидирув учун калит сўзлардан фойдаланган бўлса, ҳозирги ёшларнинг қирқ фоизи, масалан, ресторанларни TikTok ёки Instagram орқали изламоқда.


