Украина бюджет камомадини қоплаш учун ҳар ой тўққиз миллиард доллар миқдоридаги молиявий ёрдамга муҳтож. Бу ҳақда мамлакат Президенти маслаҳатчиси Олег Устенко Financial Times нашрига маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, иттифоқчиларнинг ёрдамисиз Украинанинг омон қолиши «деярли имконсиз» бўлиб қолади. Аввалроқ Киев ўз эҳтиёжларини беш миллиард долларга баҳолаган эди.
«Яқин ойларда биз ойига беш миллиард доллар ўрнига тўққиз миллиард доллар олишимиз керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам омон қолишга ҳаракат қиламиз, аммо иттифоқчиларимизнинг молиявий ёрдамисиз буни амалга ошириш нафақат қийин, балки деярли имконсиз ҳамдир», — дейди Устенко.
Июнь ойи охирида Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакатга бюджет тақчиллигини қоплаш учун ҳар ойда беш миллиард доллар ёрдам кераклигини айтган эди. 12 июль куни Европа Иттифоқи Украинага бир миллиард евро миқдорида кредит ажратишни маъқуллади.
Шунингдек, Украина бош вазири Денис Шмигаль мамлакат икки ҳафта ичида АҚШдан уч миллиард доллар миқдорида ёрдам олгани ҳақида хабар берди.


