Қонунчилик палатаси Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Ансабхон Закировга парламент сўрови юборди. Депутатлар соҳадаги ишлар ҳолати, коррупциянинг олдини олиш, рақамлаштириш ва стандартлар базасини янгилаш бўйича асосланган тушунтириш беришни сўради. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси хабар берди.
Парламент сўрови — парламент назоратининг шакли бўлиб, унда депутатлар давлат органи раҳбаридан муайян масала бўйича расмий тушунтириш талаб қилади.
Палата хабарига кўра, мажлисда соҳада ҳал этилиши кутилаётган қуйидаги масалалар қайд этилди:
- амалдаги стандартлар базасини янгилаш ва бир қатор соҳаларда тўлиқ халқаро стандартларга ўтишни тезлаштириш;
- Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёнида техник тартибга солиш тизимини халқаро талабларга тўлиқ мослаштириш;
- коррупция, ортиқча бюрократия ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш;
- сертификатлаш тартибини соддалаштириш ва рақамлаштиришни тезлаштириш.
Хабарда соҳада аниқланган муайян коррупция ҳолатлари ёки уларнинг сони келтирилмаган.
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги стандартлаштириш, метрология ва маҳсулотларнинг мувофиқлигини баҳолаш, яъни сертификатлаш тизимини бошқаради. Агентлик парламент сўровига қачон жавоб бериши маълум қилинмаган.
Олдинроқ Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги 2027 йилда амалга оширилиши мумкинлиги хабар қилинганди.


