Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Ўзбекистон аҳолиси нархлар ошишига қайси омиллар сабаб бўлишини прогноз қилмоқда?

Июнь ойида аҳолининг девальвацион кутилмалари пасайишда давом этди (26 фоиздан 25 фоизгача).

Ўзбекистон аҳолиси нархлар ошишига бир нечта омиллар сабаб бўлишини прогноз қилмоқда. Марказий банк мамлакат аҳолиси ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари шарҳини тақдим этди.

Регулятор ўтказган сўровга кўра, респондентлар томонидан келгуси даврда нархларга оширувчи босим кўрсатиши мумкин бўлган асосий омиллар сифатида импорт товарлари ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари (56 фоиз), нархларининг сунъий оширилиши (41 фоиз) ҳамда иш ҳақи ва нафақаларнинг оширилиши (34 фоиз) таъкидланган.

Июнь ойида ўтказилган сўров натижаларига кўра, келгуси 12 ой учун нархлар ўсиши бўйича аҳоли вакилларининг инфляцион кутилмалари май ойига нисбатан пасаювчи динамикани кўрсатган. Кутилмалар 16,4 фоиз атрофида шаклланган бўлса, медиана қиймати 14,1 фоизни ташкил этган.

Инфляцион кутилмалар медиана кўрсаткичининг июнь ойида май ойига нисбатан пасайишига айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлашиши сабабли юқорироқ инфляцияни кутаётган респондентлар улуши камайиб бориши билан изоҳланади.

Қайд этилишича, ушбу ойда аҳолининг девальвацион кутилмалари пасайишда давом этган (26 фоиздан 25 фоизгача).

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда аҳоли томонидан сезилган инфляция апрель ойида ҳам пасаювчи динамика кўрсатганди. Сўров натижаларига кўра, респондентлар томонидан сезилган инфляция пасаювчи динамика кўрсатиб, 14,6 фоизни ташкил этган бўлса, жавобларнинг медиана қиймати 11,4 фоиз атрофида шаклланган.

Маълумот учун, инфляцион кутилмалар — инфляцион кутилмаларнинг турли гуруҳлари бўйича мос жавобни белгилаган респондентлар сонининг ўша жавоблар ўртача қийматига кўпайтмалари йиғиндисини жами респондентлар сонига нисбати (ўртача тортилган кўрсаткич).

Инфляцион кутилмаларнинг медиана қиймати — келгусидаги инфляция бўйича жавоблар вариацион қаторини тенг иккига бўлувчи қиймат.

Ўзбекистонда июнь ойида инфляциянинг йиллик ўсиш сурати 12,2 фоизни ташкил этди. Ушбу ойда истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар ўртача 0,9 фоизга қимматлашган. 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида истеъмол бозорида нархларнинг ўсиш суръати 6,5 фоизга етган. 

Мавзуга доир: