Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

АҚШ Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди

Кристофер Уилсон Америка томони Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши бўйича ишчи гуруҳнинг 5-мажлисида иштирок этишга тайёрлигини билдирди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

АҚШ Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қатъий қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Вашингтон шаҳрида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева ҳамда АҚШ савдо вакили ўринбосари (USTR) Кристофер Уилсон ўртасидаги уярашувда маълум қилинди.

Уилсоннинг сўзларига кўра Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга содиқ. Шу муносабат билан у Америка томони Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши бўйича ишчи гуруҳнинг 5-мажлисида иштирок этишга тайёрлигини билдирган. Ушбу жараённинг мураккаблигини тан олган ҳолда Кристофер Уилсон бу масалада Америка томони доимий қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.

Бундан ташқари, савдо вакили ўринбосари USTR Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги савдо ва инвестициялар бўйича Доиравий битим (TIFA) доирасида умумий устувор йўналишларни қўллаб-қувватлашда Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини айтган. 

«Шу нуқтаи назардан, USTR вакили электрон савдони ривожлантириш масаласида Ўзбекистон томони билан мувофиқлаштириш соҳасида яқин ҳамкорлик қилишга умид билдирди, бу минтақа мамлакатларининг глобал етказиб бериш занжирига интеграциясини чуқурлаштириш учун мустаҳкам асос яратади», дейилади Сенат хабарида.

Уилсон, шунингдек, фаолият хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш бўйича бошқа TIFA ишчи гуруҳи томонидан қўллаб-қувватланишига умид қилаётганини таъкидлаган.

Аввалроқ Қозоғистон ҳам Ўзбекистонни Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишда қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирганди.

Шунингдек, бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов Ўзбекистон ташқи иқтисодий сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши мутлақ устувор эканини айтганди.