Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Президент 5 та кимё кластерида 1 млрд долларлик лойиҳалар портфелини шакллантиришга кўрсатма берди

«Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамиятига қарашли корхоналарни хусусийлаштиришни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Жўрабек Мирзамаҳмудов 5 та кимё кластерида камида 1 миллиард долларлик лойиҳалар портфелини шакллантириш вазифасини қўйди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев 7 июль куни кимё саноатида эришилган асосий кўрсаткичлар ва режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти билан танишган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 25 октябрдаги қарори асосида тармоқ диверсификация қилиниб, янги маҳсулотлар ўзлаштирилгани ҳақида ахборот берган.

Қайд этилишича, илгари сурункали зарар билан ишлаган бу тармоқ 2021 йилни 1,6 триллион сўм соф фойда билан якунлаган.

Жорий йилнинг олти ойида жамият корхоналари томонидан қарийб 7 триллион сўмлик маҳсулот тайёрланиб, ишлаб чиқариш 11 фоиз ўсган. 218 миллион долларлик товарлар экспорт қилинган.

Жўрабек Мирзамаҳмудов. Фото: Президент матбуот хизмати

Йил якунигача ишлаб чиқаришни 14 триллион сўм, экспортни 425 миллион долларга етказиш режалаштирилган. Бунинг учун иккинчи ярим йилликда 650 минг тонна азотли, 70 минг тонна фосфорли ва 120 минг тонна калийли ўғитлар ҳамда 80 минг тонна поливинилхлорид ишлаб чиқариш мўлжалланган.

Давлат раҳбари тармоқ корхоналари самарадорлигини ошириш ва уларни трансформация қилиш бўйича тизимли ишлаш кераклигини таъкидлади. Энергияни тежаш ва маҳаллийлаштириш орқали таннархни 6 фоизгача камайтириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Тақдимотда галдаги истиқболли лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди. Қайд этилганидек, йил якунига қадар 400 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 9 та лойиҳа ишга туширилади.

Жумладан, «Навоийазот»да метилцеллюлоза, техник газ, суюқ минерал ўғитлар, Чирчиқ кимё технопаркида кўпикли полипропилен, органик ўғитлар ва полимер маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Президент янги лойиҳаларни фақат хусусий инвестициялар иштирокида амалга ошириш зарурлигини таъкидлади. 5 та кимё кластерида камида 1 миллиард долларлик лойиҳалар портфелини шакллантириш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, акциядорлик жамиятига қарашли корхоналарни хусусийлаштиришни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Мавзуга доир: