Европа Иттифоқи G7 давлатларининг Россия олтинига қарши санкцияларига қўшилиши мумкин. Бу ҳақда якшанба куни Германиянинг Бавария шаҳрида бўлиб ўтган G7 саммитида Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, қарор Европа Иттифоқи иқтисодиётига зарар келтирмаслиги учун Россиядан олтин импортини тақиқлаш имкониятлари аввалига ўрганиб чиқилади.
Жонсон ва Байденнинг баёнотлари
«Катта еттилик» мамлакатлари Россия олтинини сотиб олишни тақиқлашга қарор қилгани ҳақида аввалроқ АҚШ Президенти Жо Байден ва Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон айтиб ўтган эди.
«‘Катта еттилик’ мамлакатлари биргаликда Россия олтинининг импортини тақиқлайди, унинг экспорти Россияга ўнлаб миллиард доллар олиб келади», — деб ёзди Байден Twitter’да.
Жонсон G7 саммитида сўзлаган нутқида «Путин режимини молиялаштиришдан маҳрум қилиш»га чақирди.
«Бугун биз эълон қилган чоралар россиялик олигархлар ва Украинага ҳужумга тўғридан-тўғри зарба беради», — дея қўшимча қилди у.
Тақиқ ва амалиёт
Bloomberg, The Wall Street Journal ва Reuters маълумотларига кўра, АҚШ 28 июнь, сешанба куниёқ Россиядан олтин импорти тақиқланганини эълон қилади. 26-28 июнь кунлари бўлиб ўтадиган саммитда G7 етакчилари қўшма баёнот билан чиқади.
Евроиттифоқ Россия олтинига нисбатан санкциялар қўллаш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида аввалроқ Reuters ахборот манбаларига таяниб хабар берган эди.
Еврокомиссия эҳтимолий чекловлар устида ишламоқда, бироқ Россияга олтин экспорти, ундан металл олиб кириш ёки ҳар иккаласи ҳам тақиқланадими, ҳозирча аниқ эмас.
Олтин чекловлари ва таклифлар
Аввалроқ Швейцария қимматбаҳо металлар ишлаб чиқарувчилари ва савдогарлари уюшмаси (ASFCMP) Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан бери аъзолар Россия олтинини сотиб олмаганини маълум қилганди.
Санкциялар Россия олтинини мамлакатга олиб киришни тақиқламайди, бироқ ассоциация «шубҳали олтинга Швейцарияда жой йўқ» деб ҳисоблайди.
Шунингдек, аввалроқ АҚШ сенаторлари Россия Марказий банки захираларидаги олтин билан операцияларни тақиқлашни таклиф қилди.
Юқори палата вакиллари Россия Марказий банки захираларидан олтин билан операцияларни тақиқловчи қонун лойиҳасини тақдим этди. Ташаббус қаттиқ санкциялар оқибатларини бартараф этиш учун Москванинг 2014 йилдан бери тўпланган захираларни йўқ қилишига йўл қўймасликка қаратилган.


