Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Европа Иттифоқи Россияга қарши навбатдаги санкциялар пакетини эълон қилади

Янги санкциялар пакетига 48 нафар жисмоний шахс ва тўққизта компания (хусусан «Сбербанк») киритилади.

Европа Иттифоқи давлатлари Россияга қарши янги санкциялар пакети бўйича келишиб олди. Бу ҳақда Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто хабар берди.

Янги санкциялар пакетига 48 нафар жисмоний шахс (жумладан, бир нафар бош вазир ўринбосари ва бир неча вилоят раҳбарлари) ва тўққизта компания (хусусан «Сбербанк») киритилади.

Янги чекловлар Россия энергия таъминотини тақиқлашни, шунингдек, «Газпромбанк»га қарши санкцияларни ўз ичига олмайди. Пакет олтин савдоси, бухгалтерия, аудит ва солиқ маслаҳати хизматларини чеклашни кўзга тутади.

Европа Иттифоқи, шунингдек, икки мақсадли маҳсулотлар (умумий фуқаролик саноат мақсадларида фойдаланиладиган, лекин айни пайтда қурол яратишда ҳам ишлатиш мумкин бўлган маҳсулотлар) савдосини қоидаларини ҳам кучайтиради ҳамда давлат харидлари ва депозитларни қабул қилишга қўшимча чекловлар киритади.

Сийярто чекловлар тафсилотлари ҳақида батафсил маълумот бермади.

Олдинроқ Reuters нашри Европа Иттифоқи мамлакатлари Россияга қарши санкцияларнинг еттинчи пакетини тасдиқлашга тайёрлиги ва буни 15 июлда амалга ошириши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди. Нашр манбаларидан бири пакетнинг аввалгиларига нисбатан чекланганлиги сабаб уни «олти ярминчи» деб атаганди.

Бироқ янги санкцияларни эълон қилиш ўрнига, Европа Комиссияси 15 июль куни пресс-релиз чиқарди ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини янги санкциялар пакетига киритмасликни тавсия қилди. Шу билан бирга, ташкилот Россия олтинига эмбарго қўйишни ёқлади.

Европа Иттифоқи Россияга қарши сўнгги, олтинчи санкциялар пакетини июнь ойи бошида жорий қилган эди. Унда Россия нефти ва айрим нефть маҳсулотлари транзитини қисман тақиқлаш, учта Россия банкини (Сбербанк, Москва кредит банки ва Россия қишлоқ хўжалиги банки) SWIFT тизимидан ўчириш, икки мақсадли маҳсулотлар ва технологияларга экспорт чекловларини кенгайтириш, Россияга бухгалтерия, консалтинг ва бошқа хизматларни кўрсатиш тақиқлаш белгиланганди.

Бундан ташқари, олтинчи санкциялар пакетига Яндекс асосчиси Аркадий Волож, Алина Кабаева ва Россия президенти матбуот котибининг рафиқаси Татьяна Навка киритилганди.

Мавзуга доир: