Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Технология

Instagram фойдаланувчилар ёшини текширишнинг учта янги усулини йўлга қўяди

Булар — видео селфи, катта ёшли дўстларнинг тасдиқлаши ва шахсий гувоҳнома.

Instagram ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларнинг ёшини текшириш учун янги функциялар тўпламини синовдан ўтказмоқда. Бу ҳақда TechCrunch хабар берди.

Қайд этилишича, булар — видео селфи, катта ёшли дўстларнинг тасдиқлаши ва шахсий гувоҳнома. Функция АҚШда яшовчилар учун ишга туширилган ва ёшни «18 ёшгача»дан «18 ва ундан юқори»га ўзгартиришга уринаётганда кўрсатилади.

Ушбу функция ўсмирларга ижтимоий тармоқдаги ёш чекловларини четлаб ўтишга йўл қўймаслиги тахмин қилинмоқда. Ундан ўсмир сифатида нотўғри рўйхатдан ўтган катталар ҳам фойдаланиши мумкин бўлади.

Ёшни текшириш учун фойдаланувчи паспорт ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси каби идентификацияни тақдим этиши мумкин. Ҳужжат серверларда 30 кун давомида сақланади.

Агар ушбу параметр мос келмаса, видео селфи ёзиш керак бўлади. Instagram махсус ўқитилган сунъий интеллект ёрдамида ёшни текширадиган Yoti рақамли идентификация стартапи билан ҳамкорлик қилади. Текшириш тугаганидан сўнг иккала компания ҳам маълумотларни ўчириб ташлайди.

Ëшни тасдиқлашнинг учинчи усули — бу ижтимоий воучинг. Фойдаланувчининг 18 ёшдан ошган уч нафар дўсти ўз ёшини тасдиқлаши керак.

Ижтимоий воучинг олти кишилик рўйхатдаги одамларни тасодифий танлайди. Унга қариндошларни қўшиб бўлмайди. Танланган фойдаланувчилардан ёшини тасдиқлаш сўралади.

Аввалроқ Instagram’ни ўз ичига олувчи Meta корпорацияси раҳбари Марк Цукерберг ижтимоий тармоқда NFT пайдо бўлишини маълум қилганди.