Microsoft технология компанияси 1995 йилда ишга туширилган Internet Explorer (IE) интернет-браузерини қўллаб-қувватлашни тўхтатди. Бу ҳақда The Guardian хабар бермоқда.
Маълум қилишинича, 15 июндан бошлаб фойдаланувчилар Microsoft Edge браузерига йўналтирилмоқда.
Компания бундай қарорга IE’нинг веб-ишлаб чиқувчилар орасида машҳур эмаслиги сабаб бўлганини қайд этди. Microsoft янги сайтлар камдан-кам ҳолларда Internet Explorer’га мослашишини таъкидлади.
Edge 2015 йилда ишга туширилган. У очиқ манбали Chromium веб-браузерига асосланган. Шу билан бирга, Internet Explorer орқали уланишни талаб қиладиган сайт мавжуд бўлса, Edge’ни «IE режимида» очиш мумкин.
Австралиянинг Roy Morgan аналитик фирмаси 2021 йил сентябрь ойида браузерлар хабардорлиги бўйича сўров ўтказди.
Chrome етакчи бўлди: фойдаланувчиларнинг 95 фоизи бу ҳақда эшитган, иккинчи ва учинчи ўринларни мос равишда 85 фоиз ва 81 фоиз билан Internet Explorer ва Firefox эгаллаган.
Аввалроқ Apple, Google ва Microsoft 2023 йилда мобиль, иш столи ва браузер платформаларида паролсиз ягона авторизация стандарти жорий этилишини эълон қилганди.


