Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

«Тошкентвино комбинати» «Бектемир-спирт экспериментал заводи»даги 51 фоиз давлат улушини сотиб олди

Давактив ва «Тошкентвино комбинати» ўртасида битим бўйича юридик мажбурий ҳужжатлар расмийлаштирилади.

Фото: «РИА Новости»

«Тошкентвино комбинати» «Бектемир-спирт экспериментал заводи»нинг 51 фоиз давлат акциялар пакетини 48,8 миллиард сўмга сотиб олди. Бу ҳақда Давактив матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, консультант томонидан «Бектемир спирт экспериментал заводи» бўйича инвестиция тизери 38 та инвесторга юборилган.

Маълум қилинишича, келиб тушган таклифлар ўртасида активнинг стратегик ҳамкори ҳисобланган «Тошкентвино комбинати» (2021 йилнинг ўзида  активнинг 80 фоиз спирт маҳсулотлари биржа савдолари орқали жамият томонидан сотиб олинган) қўйилган талабларга тўлиқ жавоб берган.

Шунингдек, «Тошкентвино комбинати» томонидан таклиф этилган нарх таклифи бошқа талабгорларнинг нарх таклифидан ҳамда маслаҳатчи ва мустақил баҳолаш ташкилотининг баҳолаган нарх қийматидан юқори бўлган.

«Юқорида кўрсатиб ўтилган фикрлар ва таклифнинг нарх параметрларини инобатга олиб, ‘Тошкентвино комбинати’ оммавий танлов ғолиби деб топилди», дейилади хабарда.

Шунга кўра, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва «Тошкентвино комбинати» ўртасида битим бўйича юридик мажбурий ҳужжатлар расмийлаштирилади.

Аввалроқ «Ўзгазлойиҳа» МЧЖ устав капиталидаги 63,4 фоиз давлат улуши 21,5 миллиард сўмга Prime Tower Group МЧЖга сотилганди.

Шунингдек, миллиардер Алишер Усмоновнинг USM ҳолдинги таркибида бўлган «Металлоинвест» Тошкент шаҳридаги меҳмонхона бино ва иншоотлари мажмуасини сотиб олгани ҳақида хабар берилди.