Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 24август · Душанба
USD 11 853,55 ▲ +6,39 EUR 13 869,84 ▲ +26,43 RUB 141,86 ▲ +0,42 GBP 16 189,58 ▲ +39,53
Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Кичик бизнес учун айрим текширувларга уч йиллик мораторий эълон қилинади

Ўзбекистонда кичик бизнес субектларида инсон соғлиғи ва бошқа тадбиркорлар манфаатларига зарар етказиш билан боғлиқ бўлмаган текширувларга уч йил муддатга мораторий жорий этилади.

Ўзбекистонда кичик бизнес субектларида инсон соғлиғи ва бошқа тадбиркорлар манфаатларига зарар етказиш билан боғлиқ бўлмаган текширувларга уч йил муддатга мораторий жорий этилади. Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида тадбиркорлик субектларини текшириш амалиётини қисқартириш бўйича янги тартибларни эълон қилди.

Тақдим этилган таҳлилларга кўра, ўрганилган 5 минг тадбиркорнинг ярмидан кўпида бир йил давомида 2–3 марта, яна 21 фоизида эса камида 4 марта солиқ текшируви ўтказилган. Бундан ташқари, тадбиркорлик субектларида ёнғин хавфсизлиги, қурилиш, санитария, карантин ва энергетика йўналишларида ҳам такрорий текширувлар ўтказилаётгани қайд этилди.

Шу сабаб кичик бизнесда инсон соғлиғи ва бошқа тадбиркорлар манфаатларига зарар етказиш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай текширув учун уч йиллик мораторий жорий этилиши белгиланди.

Иқтисодиётни “соя”дан чиқариш текшириш билан эмас, тадбиркорга йўл кўрсатиб, тўғри ишлашга ўргатиш орқали бўлиши керак, – деди давлат раҳбари.

Ўрта ва йирик бизнес учун эса бошқа механизм таклиф қилинди. Тадбиркор ўз корхонасини ихтиёрий равишда профилактик аудитдан ўтказса, унинг хулосаси солиқ органлари томонидан тан олинади.

Аудит давомида аниқланган камчиликларни тадбиркор ўз вақтида бартараф этса, унга жарима қўлланмайди. Бир йил давомида корхонада такрорий текширув ўтказиш эса фақат Бизнес-омбудсман рухсати билан мумкин бўлади.

Президент иқтисодиётни яширин сектордан чиқаришда асосий ёндашув текширувларни кўпайтириш эмас, балки тадбиркорларга қонуний ишлаш учун шароит яратиш бўлиши кераклигини таъкидлади.

Маълум қилинишича, сўнгги уч йилда мамлакатда солиқ юки 13,4 фоиздан 12 фоизгача пасайган. Яширин иқтисодиёт улуши эса сўнгги ўн йилда 50 фоиздан 26 фоизгача қисқарган.