Ўзбекистонда 2026 йил 15 октябрдан 30 ноябрга қадар бизнесни рўйхатга олиш тадбири ўтказилади. Унинг доирасида мамлакатда фаолият юритаётган барча иқтисодий бирликлар хатловдан ўтказилиб, корхона ва ташкилотлар тўғрисидаги статистик регистрлар янгиланади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев танишган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш якунлари ҳамда миллий статистика тизимида ислоҳотларни жадаллаштиришга қаратилган таклифлар тақдимотида маълум қилинди.
Қайд этилишича, бугунги кунда кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 23 фоизни ёки 246 триллион сўмни ташкил этмоқда. Меҳнат билан банд бўлган 15,2 миллион аҳолининг 6,5 миллиони ёки 42 фоизининг даромадлари расмий ҳисобда тўлиқ акс этмаяпти.
Шунингдек, рўйхатдан ўтган кўплаб кичик ва ўрта бизнес субъектлари амалда ишламаётгани ёки фаолиятини тўхтатгани қайд этилди. Бу ҳолат солиқ мажбуриятларини тўлиқ бажараётган корхоналар учун носоғлом рақобат муҳитини юзага келтираётгани таъкидланди.
Ҳар 4−5 сўмлик иқтисодий айланманинг 1 сўми расмий статистика эътиборидан четда қолмоқда. Ушбу фаолиятни тартибга солиш бюджетга қўшимча ўнлаб триллион сўм тушум таъминлаш ва келгусида солиқ юкини камайтириш имконини бериши айтилди.
Бизнесни рўйхатга олиш жараёнида субъектларнинг ҳолати, таркиби ва иқтисодиёт тармоқлари бўйича тақсимотига аниқлик киритилади. Бу танланма кузатувлар учун ҳам ишончли асос яратиши кутилмоқда.
Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг дастлабки натижаларга кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 39 миллион 47 минг нафарни ташкил этган. Амалдаги ҳисобда акс этмаган 810,6 минг нафар аҳолининг яшаш манзили ва ижтимоий мақомига аниқлик киритилган.
Жиззах вилояти аҳолиси амалдаги маълумотларга нисбатан 2,7 фоиз, Наманганда 1,3 фоиз, Сурхондарёда 0,9 фоиз ва Қашқадарёда 0,7 фоиз кам экани аниқланган. Бухоро вилоятида кўрсаткич деярли ўзгармаган, бошқа ҳудудларда эса ўсиш қайд этилган. Тошкент тумани аҳолиси аввалги ҳисобга нисбатан 1,6 баробар кўп, Андижон шаҳрида эса 15,8 фоиз кам экани маълум бўлган.
Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижасида ҳисобда акс этмаган 985,5 минг гектар ернинг чегараси ва тоифаси аниқлаштирилган. Шундан 789,5 минг гектари экин ерлари, 14,1 минг гектари иссиқхоналар, 75,3 минг гектари боғлар, 21,4 минг гектари токзорлар ва 85 минг гектари балиқчилик ҳавзаларига тўғри келади.
Рўйхатга олиш жараёнларининг рақамлаштирилгани ҳисобига харажат аҳоли жон бошига 1,5 минг сўмдан ошмаган. Бу МДҲ давлатларидаги кўрсаткичдан 15 баробар кам. Интернет орқали рўйхатга олиш қамрови 82,3 фоизни ташкил этган, барча жараёнлар 15 кунда якунланган. Ўзбекистон рўйхатга олиш тезлиги бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллаган.
Таъкидланишича, рўйхатга олиш натижалари асосида аҳоли ва қишлоқ хўжалигининг доимий янгиланиб борадиган статистик регистрлари шакллантирилади. Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларига оид 100 та, қишлоқ хўжалиги ва экин майдонларига доир 50 та кўрсаткич янгиланади. 2017−2025 йиллар учун миллий ҳисоблар кўрсаткичлари қайта баҳоланади.
Миллий статистика тизимини 2030 йилгача ривожлантириш режаларида тадбиркорлар тақдим этадиган ҳисобот юкини 20 фоизга қисқартириш, маъмурий ва муқобил маълумотлар манбалари сонини 1,7 баробар ошириш, маълумотларга ишлов бериш вақтини 20 фоизга ва харажатларни 25 фоизга камайтириш белгиланган.
Маълумотларни бошқариш бўйича ягона ёндашувни шакллантириш мақсадида вазирлик ва идоралар иштирокида Маълумотларни бошқариш комиссиясини ташкил этиш таклиф қилинди. Комиссия 2026 йил 1 декабрга қадар давлат органлари ва ташкилотларидаги маълумотларни бошқариш тизимларини хатловдан ўтказади, 2027 йил 1 майгача уларни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлайди.
2027 йил 1 июлга қадар Миллий маълумотлар платформасини ишга тушириш режалаштирилган. У маълумотларни ягона тизимга интеграция қилиш, уларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, таҳлил ҳамда рақамли хизматларни ривожлантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, Очиқ маълумотлар билан ишлаш бўйича лойиҳа офисини ташкил этиш ва давлат идоралари учун «Очиқ маълумотлар рейтинги»ни жорий қилиш таклиф этилди.
Статистика соҳасида кадрлар тайёрлаш мақсадида Маълумотларга асосланган бошқарув мактабини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Унда давлат идоралари, бизнес, статистика органлари, оммавий ахборот воситалари, тадқиқотчилар ва талабалар учун маълумотларни бошқариш, бизнес-таҳлил, сунъий интеллект, маълумотлар журналистикаси ва визуализация бўйича ўқув дастурлари йўлга қўйилади.
2027 йил 1 июлга қадар статистик маълумотларни сунъий интеллект тизимлари ўқий оладиган форматларда эълон қилиш ва статистик кўрсаткичларни таҳлил қилиш имконини берувчи сунъий интеллект агентларини жорий этиш режалаштирилган. 2027 йил якунига қадар аҳоли, демография, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва ҳудудий ривожланишга оид маълумотлар геофазовий рақамли хариталарда акс эттирилади.
Шунингдек, 2027−2028 йилларда Мультииндикатор кластер кузатувининг еттинчи раундини ўтказиш ҳамда Халқаро валюта жамғармаси иштирокида миллий статистика тизимининг халқаро стандарт ва кодексларга мувофиқлигини баҳолаш режалаштирилган.
Тақдимотда «Статистикани ривожлантириш — 2030» миллий стратегияси лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Унда статистика тизимини мувофиқлаштириш, маълумотлар сифатини таъминлаш, халқаро стандарт ва методологияларни жорий этиш, рақамли трансформация, маъмурий ва муқобил маълумотлардан кенг фойдаланиш ҳамда очиқ статистикани ривожлантириш устувор йўналишлар сифатида белгиланган.
Президент аниқ, тезкор ва ишончли статистика давлат сиёсатини белгилаш, ҳудуд ва тармоқларни ривожлантириш бўйича тўғри қарорлар қабул қилишнинг муҳим шарти эканини таъкидлади.
Масъулларга рўйхатга олиш натижаларини чуқур таҳлил қилиш, бизнесни рўйхатга олиш тадбирини сифатли ўтказиш, маълумотларни бошқаришнинг ягона тизимини жорий қилиш ҳамда миллий статистика тизимини халқаро стандартлар асосида изчил ривожлантириш бўйича топшириқлар берилди.


