Бухорода ўтказилаётган камбағалликка қарши кураш форуми ёки шунга ўхшаш майдонларнинг яхши натижа кўрсатиши мамлакатнинг бу масалада «ўзини қандай тутиши» ва муаммоларни очиқ айта олишига боғлиқ. Бу ҳақда иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Kommers.uz’га маълум қилди.
Kommers.uz мухбири билан суҳбатлашган иқтисодчи камбағаликни қисқартириш форумидан кўзланган мақсад ва режалар ҳақида гапирди.
«Ҳамма нарсани яхши ва ёмон томондан ишлатиш мумкин бўлгани каби форумлар ҳам самарали ёки самарасиз бўлиши мумкин. Бундай дискуссия майдонларининг асосий мақсади камбағалликни қисқартириш масаласида назарий ёки амалий тажрибага эга халқаро мутахассисларнинг фикрини олиш», — дейди у.
Ҳошимовнинг айтишича, Ўзбекистондаги иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш масаласига кўпчиликнинг эътиборини қаратиш ҳамда улардан фикр олиш ҳам форум мақсадларидан биридир.
«Бу худди тиббий ташхисга ўхшайди. Форум ёки шунга ўхшаш майдонларнинг яхши тарафга ишлаши нимага боғлиқ: биз ўзимизни қандай тутамиз? Агар шундай майдонга келиб, муаммоларимизни очиқласак, масалан, биздан 100 та шундай муаммо бор, деб халқаро мутахассис ва олимларнинг фикрларини эшитсак, бу эҳтимолий ва кўп йилларга таъсир қилувчи хатоларимизнинг олдини олади», — дейди иқтисодчи.
Беҳзод Ҳошимовнинг таъкидлашича, кўп мамлакатлар қачондир ушбу муаммо [камбағаллик] билан рўбаро келган. Улар ва йирик олимларнинг тажрибаларини ўрганиш Ўзбекистонга миллиардлаб долларларни сақлаб қолишга ёрдам бериши мумкин.
«Лекин агар форумга келиб: ‘бизда ҳаммаси зўр, мана, кўряпсизлар, ҳаммаёқ гуллаяпти’, десак, бундай тадбирлардан маъно йўқ. Бу худди докторларнинг консилиумини йиғиб, менда ҳаммаси зўр, ҳеч қандай шикоятим йўқ, дегандек гап. Ойнага қараб, ҳақиқий аҳволимизни қанчалик кўрсата олсак, шунча фойдали ташхис ололамиз», — дейди у.
Иқтисодчининг фикрича, муаммолар масаласида иложи борича самимий бўлиш керак.
«Мисол қилиб олганда, бизда гендер тенгликни таъминлаш масаласи бор, дейлик. Бу масалага оид саволга жавоб форумда қатнашаётганлар ҳаёлига ҳозир келмаслиги мумкин. Лекин икки ҳафтадан кейин қайсидир мутахассис бизда ёки бошқа давлатда шундай масала бор эди, деб жамиятимизга тўғри йўл топишда кўмаклашиши мумкин», — дейди Беҳзод Ҳошимов.
Унинг таъкидлашича, форум ёки шундай майдонларнинг самарадорлигининг асосий талаби бу самимий ва тўғрисўз бўлиш — бор муаммоларни очиш ва бу орқали кўпчилик мутахассисларнинг маслаҳатларини олишдир.

Аввалроқ Бухорода Камбағалликни қисқартириш халқаро форуми бошлангани ҳақида хабар берилганди.


