Европа Иттифоқи давлатлари шу ҳафтада Россия нефтига босқичма-босқич эмбаргони тасдиқлаши мумкин, деб ёзади The New York Times манбаларга таяниб.
Нашр суҳбатлашган расмий ва дипломатларга кўра, янги санкциялар бўйича музокаралар бўлиб ўтади, шундан сўнг Еврокомиссия чекловлар бўйича якуний таклифни ишлаб чиқади.
Хабарга кўра, 4 май куни Европа Иттифоқи мамлакатлари элчиларининг йиғилиши бўлиб ўтади, улар ҳафта охиригача янги пакетни тасдиқлаши кутилмоқда.
Нашрнинг ёзишича, нефть эмбаргоси тасдиқланса, бу Европа Иттифоқининг олтинчи санкциялар пакетидаги энг жиддий чора бўлади. Шунингдек, у «Сбербанк» ва таниқли россияликларга қарши шахсий санкцияларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.
«Эҳтимол, эмбарго биринчи навбатда танкерлар орқали ташиладиган нефтга таъсир қилиши мумкин, нефть қувурлари орқали етказиб берилишини тақиқлаш учун бир неча ой керак бўлади», деб ёзади нашр.
Европа Иттифоқи блокка аъзо мамлакатларга тақиқни амалга ошириш учун вақт бериш ниятида, худди Россия кўмирига эмбаргода бўлгани каби, тўлиқ амалга ошириш учун 4 ой муддат берилган.
Олтинчи пакетни илгари суришда Германия муҳим роль ўйнади, агар у босқичма-босқич амалга оширилса, Европа Иттифоқининг Россия нефть таъминотидан чиқишини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини эълон қилди.
Bloomberg ёзганидек, бир неча ҳафта олдин мамлакат энергия санкциялари Россиядан кўра Европага кўпроқ зарар этказишига ишонган эди, аммо ҳозир у ўз позициясини ўзгартирди. Германия ўз нефтининг учдан бир қисмини Россиядан импорт қилади.
Аввалроқ Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Брюссель Россияга қарши санкцияларнинг олтинчи пакети доирасида чекловлар тайёрлаётганини маълум қилганди. Улар банк ва энергетика соҳаларига чекловларни ўз ичига олади.
Апрель ойи бошида Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель Россиядан нефть ва газга чекловлар муқаррарлигини эълон қилган эди. Bloomberg’нинг ёзишича, Россия гази учун тўловни рублга ўтказиш Европага газ етказиб беришга «де-факто» эмбарго қўйилиши мумкин.
Март ойида Владимир Путин «дўст бўлмаган мамлакатлар» учун газ етказиб бериш бўйича ҳисоб-китобларни Россия валютасига ўтказишни талаб қилган эди ва бу тўғрисида фармон ҳам имзолади. Евроиттифоқ рублда тўлов Россияга қарши жорий қилинган санкцияларни бузиш бўлади, дея ҳисоблайди.


