Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 10ноябр · Сешанба
USD 11 994,10 ▲ +6,94 EUR 13 420,20 ▲ +26,95 RUB 145,79 ▼ −0,50 GBP 16 087,69 ▲ +27,29
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Банклардаги юқори ликвидли активлар бир йилда 51 фоизга ошиб, 227 трлн сўмга етди

1 октябрь ҳолатига кўра, юқори ликвидли активларнинг банк тизими жами активларидаги улуши 18 фоиздан 22,4 фоизга кўтарилди. Асосий ликвидлилик меъёрлари минимал талаблардан юқори.

Банк тизимидаги юқори ликвидли активлар ҳажми 2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 51 фоизга ошиб, 227 трлн сўмга етди. Уларнинг жами активлардаги улуши 18 фоиздан 22,4 фоизга, яъни 4,4 фоиз бандга кўтарилди. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.

Юқори ликвидли активлар — банк тез ва деярли йўқотишсиз пулга айлантира оладиган активлар: нақд пул, Марказий банкдаги маблағлар, давлат қимматли қоғозлари.

Асосий ликвидлилик меъёрлари ҳам ошди:

  • ликвидликни қоплаш меъёри (LCR) 199,7 фоиздан 269,6 фоизга кўтарилди. Бу меъёр банкнинг юқори ликвидли активлари 30 кунлик стресс ҳолатидаги пул чиқимларини қанча қоплай олишини кўрсатади;
  • соф барқарор молиялаштириш меъёри (NSFR) 115,8 фоиздан 132,1 фоизга ошди. У банкнинг узоқ муддатли активлари барқарор манбалар ҳисобидан молиялаштирилганини кўрсатади.

Иккала меъёр ҳам Марказий банк белгилаган 100 фоизлик минимал талабдан юқори. Лаҳзали ликвидлилик меъёри эса 25 фоизлик минимал талаб билан солиштирганда 97,2 фоизни ташкил этди.

Марказий банк маълумотларига кўра, шу даврда банклардаги жами депозитлар 371,5 трлн сўмдан 501 трлн сўмга, яъни 34,9 фоизга ошди. Депозитлар таркибида 1 йилгача муддатли депозитлар улуши 33,8 фоиздан 37,4 фоизга кўтарилди, 1 йилдан ортиқ муддатлиларники эса 36,5 фоиздан 33,6 фоизга пасайди. Талаб қилиб олингунча депозитлар улуши 29,8 фоиздан 29 фоизга тушди.