Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Технология

TikTok гифлардан фойдаланиш имконини берувчи хизматни ишга туширди

TikTok Library’даги контент манбаи Meta компаниясига тегишли GIPHY веб-сайти бўлади.

Фото: «medium.com»

TikTok гифлардан фойдаланиш имконини берувчи TikTok Library хизматини ишга туширди. Бу ҳақда TechCrunch хабар берди.

Маълум қилинишича, хизматдаги контент манбаи GIPHY веб-сайти (Meta компаниясига тегишли) бўлади, унда оддий гифлар ва GIPHY Clips деб номланадиган овозли гифлар мавжуд.

TikTok хизматни товушлар, матн шаблонлари ва қисқа видеоларни яратиш учун бошқа воситалар билан тўлдиришни режалаштирмоқда. Компания TikTok Library’ни ривожлантиришга ёрдам берадиган бўлажак ҳамкорларни ошкор қилмади.

GIPHY Clips 2019 йилда GIPHY Video номи остида ишга туширилган. Бу формат киностудиялар, ўйин студиялари, мусиқий лейбеллар ва бошқа компанияларга лицензияланган контентни тарқатиш имконини берди.

TikTok реакциялар, машҳурларнинг иқтибослари, одамлар ва спорт ўйинлари эпизодлари ёки кино мукофотларидаги нутқларга ўхшаган ажойиб лаҳзалар каби GIPHY Clips категорияларига кириш имконини беради.

GIPHY’нинг яшил экранли стикерлари ва гифлари аввал TikTok’да мавжуд эди, аммо Meta’нинг видеолари биринчи марта пайдо бўлади.

Компания фойдаланувчиларга контент яратишда ёрдам берадиган янги воситаларни излашини айтди. Янги хизматдан фойдаланиш учун илова ичида камера ёқилган ҳолда экраннинг вертикал панелидаги Library белгисини босиш керак. Кейин тегишли таркибни танлаш, уни кесиш ва видеони суратга олишни давом эттириш учун саҳифага қайтиш мумкин бўлади.

Ҳозирча янги хизмат фақат Android қурилмалари учун баъзи бозорларда мавжуд бўлади ва келгуси ҳафта iOS фойдаланувчилари учун очилади.

Аввалроқ Цукербергнинг Meta компанияси Giphy’ни сотиб олгани учун жаримага тортилгани хабар қилинганди. Шунингдек, TikTok пулли обуна функциясини синовдан ўтказа бошлагани ҳақида хабар берилди.