ОПЕК+ энергия нархларини барқарорлаштиришдек «умумий манфаат» фойдасига қарор қабул қилишдан сиёсатни фарқлайди. Бу ҳақда Саудия Арабистони энергетика вазири Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд маълум қилди.
Бутун дунёдаги ҳукуматлар ва халқаро ташкилотлар Украинада уруш бошланганидан кейин Россияга санкциялар киритди ва иқтисодий алоқаларни узди. Бироқ ОПЕК — нефть экспорт қилувчи 13 давлатни ўз ичига олган ҳукуматлараро ташкилот Россияга қарши чора кўришни режалаштирмаяпти. Россия ташкилотнинг кенгайтирилган ОПЕК+ альянсидаги асосий ҳамкори ҳисобланади.
Саудия Арабистони энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ол Сауднинг айтишича, ташкилотнинг мавжудлиги унинг нефть нархини барқарорлаштириш миссиясини бошқа геосиёсий омиллардан ажратишга боғлиқ.
Март ойи бошида Саудия Арабистони ва БАА Россияни Украинага ҳужумдан воз кечишга ва қўшинларини олиб чиқиб кетишга чақирувчи БМТ Бош Ассамблеяси резолюциясини ёқлаб овоз берган эди. Ол Сауд, қироллик Россиянинг ҳаракатлари ҳақида ўз сўзини айтиши мумкин бўлган бошқа форумлар ҳам борлигини айтди.
«Гап ОПЕК+ ҳақида кетар экан, мен буни 35 йилдан бери бажариб келаётганимни айтиш шарафига муяссар бўлдим ва қандай қилиб сиёсий тафовутларимизни барчамизнинг умумий манфаатимизга хизмат қиладиган нарсадан ажратишга муваффақ бўлганимизни биламан. ОПЕК кенгашига кирганимизда, ҳамма эшик олдида сиёсатни тарк этади», — деди Саудия Арабистони энергетика вазири Дубайдаги Жаҳон ҳукумати саммитида.
Ол Сауд ОПЕК ва ОПЕК+ низолар ёки тажовузкор ҳаракатларга аралашган турли мамлакатлар, жумладан Ироқ ва Эрон билан ишлаганини таъкидлади.
«ОПЕК+’ни сақлаб қолишимизга сабаб шуки, биз бу масалаларни, бу муаммоларни сиёсатдан қатъи назар, умумий манфаатларга эътибор қаратишимизга ёрдам берадиган ёндашувдан фойдаланган ҳолда муҳокама қилмоқдамиз», — деди энергетика вазири.
Ол Саудни Бирлашган Араб Амирликлари энергетика вазири Суҳайл ал-Мазруи қўллаб-қувватлади. Унинг таъкидлашича, ташкилот аъзолари ҳарбий тўқнашув ҳолатида бўлган пайтда ҳам ўз фаолиятини давом эттирган, тараф тутмаган. Унинг сўзларига кўра, ОПЕКнинг ягона вазифаси — бозорни барқарорлаштириш.
Ал-Мазруининг айтишича, давлатлар бир томонлама равишда Россия нефтини сотиб олишдан бош тортиши мумкин, аммо ташкилот аъзосини сиқиб чиқариш унинг руҳига зиддир.
Аввалроқ Қатар энергетика вазири Россия газининг ўрнини босиш имкони ҳозирча йўқлигини маълум қилганди. Шунингдек, Германия ва Қатар газ бўйича узоқ муддатли ҳамкорликка келишиб олгани ҳақида хабар берилди.


