Япония ҳукумати миллий компаниялардан Россиядан суюлтирилган газ етказиб бериш учун пулни рублда тўламасликни сўрашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Вазирлар маҳкамаси бош котиби Хирокадзу Мацуно маълум қилди.
Аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин газ экспорти учун тўловларни 31 мартгача рублга ўтказишни топширган эди.
«Ҳозирда Япония компаниялари томонидан Россиядан суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича тузилган шартномаларда рублда тўлаш талаби қўйиладими ёки йўқлиги номаълум. Шунга қарамай, G7 даражасидаги келишувларга мувофиқ, биз япон компанияларидан бундай талабларни қабул қилмасликни сўраш ниятидамиз», — деди Мацуно.
Япония 5 апрелдан бошлаб Россияга ҳашаматли товарлар экспортини тақиқлади. Чекловлар премиум автомобиллар ва қимматбаҳо тошлар учун амал қилади.
Аввалроқ Toyota Япониядаги аксарият заводларини бир неча кунга ёпиши хабар қилинганди. Шунингдек, Япония Алишер Усмонов ва Рамзан Қодировга нисбатан санкциялар киритгани ҳақида хабар берилди.


